Меҳр ва эътибордан баҳраманд авлод
  • 30 Декабрь 2014

Меҳр ва эътибордан баҳраманд авлод

Фарзанд тарбияси юрт тараққиёти, жамият равнақида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам мамлакатимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ўғил-қизларимизнинг пухта билим олиши, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топиши, жисмонан бақувват бўлиб улғайиши йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти.
Уларнинг истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш учун барча шарт-шароит яратиб берилаётир. Ўз навбатида, байрам кунларида болаларга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ меҳр кўрсатиш, шодлик ва қувонч улашиш ҳам эзгу анъанага айланган.
Кеча “Туркистон” саройида бошланган “Президент арчаси” тантаналарини ҳам ана шундай юксак ғамхўрлик ифодаси, дейиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда “Sen yolg‘iz emassan” республика болалар жамоатчилик жамғармаси ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирга Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари таклиф этилди.
— Беқиёс меҳр оғушида улғайган ҳар бир бола қалбида эзгулик, яхшилик хислатлари мустаҳкам қарор топади, — дейди пойтахтимиздаги 23-Меҳрибонлик уйи тарбиячиси Азиза Ғуломова. — Мана бу ўғил-қизларга бир эътибор беринг-а. Юз-кўзида қувонч, шодлик акс этиб турибди. Ҳамма хурсанд. Ушбу тадбирга бизнинг Меҳрибонлик уйидан 150 нафардан зиёд тарбияланувчилар таклиф этилди. Улар нафақат байрам дастурини томоша қилишди, балки ўқув қуроллари ва ширинликлардан иборат совғаларга ҳам эга бўлишди. Ишончим комилки, бундай тантаналар болажонлар хотирасида умрбод муҳрланиб қолади.
...Ранг-баранг чироқлари товланиб нур сочаётган мафтункор арча атрофида болажонлар эстрада хонандалари ижросидаги куй-қўшиқларга жўр бўлиб, рақсга тушишди.
Тадбирга ташриф буюрганлар “Томоша” болалар студияси томонидан тайёрланган “Мўъжизалар китоби” деб номланган театрлаштирилган дастурни мириқиб томоша қилдилар. Билим олиш, китоб ўқиш, чин дўстлик ва меҳр-оқибат сингари гўзал инсоний фазилатлар тараннум этилган мазкур бадиий дастур кичкинтойлар қалбида миллий қадриятларимизга ҳурмат ҳиссини ошириши, шубҳасиз.
Болаларга Президентимизнинг байрам совғалари топширилди.
Ўн тўрт ёшли Эрика Агапкина SOS болалар маҳалласида истиқомат қилади. Байрам совғалари унинг ҳам кўнглини шодликка тўлдирди. Бу унинг юз-кўзидан билиниб турарди.
— “Президент арчаси”га келиб, шодликларга чулғандим, — дейди Эрика. — Эртак қаҳрамонлари, дўстларим билан суратга тушдим. Саҳнада намойиш этилган театрлаштирилган томоша ҳам менга ёқди. Ҳаммаси учун раҳмат.
Бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn