«Янги йилни янги уйда кутамиз» дейишмоқда “Камолот” уйларига кўчиб ўтган хонадон соҳиблари
  • 30 Декабрь 2014

«Янги йилни янги уйда кутамиз» дейишмоқда “Камолот” уйларига кўчиб ўтган хонадон соҳиблари

Ангрен шаҳрилик иқтидорли ёшлардан бири Жаҳонгир Азизов ҳаётида бу йил бахт ҳам, қувонч ҳам қўшалоқ бўлди. Йилнинг хосиятини қаранг, тенгдошлари орасида ёш спортчи сифатида анча танилиб қолган Жаҳонгир таэквондонинг ITF йўналиши бўйича мамлакат чемпионига айланди.

Яна кончилар шаҳрида қуриб битказилган хонадонлардан бири ҳам айнан унга насиб этди. Бу бахтиёр оила ўз уйига кўчиб ўтган куннинг эртасига янги хонадонда янги меҳмон — қизалоқ дунёга келганига нима дейсиз?!
Бугун мамлакатимизда чинакам бахт оғушида яшаётган бундай ёш оилалар жуда кўп. Негаки, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уй-жой ҳамда маиший шароитларини янада яхшилаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда “Соғлом бола йили” Давлат дастури бу борадаги ишларга алоҳида кўлам ва изчиллик бахш этаётир.
Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида Ангрен шаҳрида ҳам эътиборга молик ишлар қилинмоқда. Жорий йилнинг баҳорида 65 хонадондан иборат кўп қаватли “Камолот” уйлари қурилиб, ёш оилаларга топширилган эди. Янги йил байрами шукуҳи кезаётган айни кунларда яна 20 хонадондан иборат худди шундай шинам ва кўркам тураржойлар ўз соҳибларига тортиқ қилинди.
— Шаҳримизда барпо этилаётган бундай хонадонларга ижтимоий ҳаётимизда фаол қатнашаётган ёш оилалар кўчиб кирмоқда, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Ангрен шаҳар кенгаши раиси Дилшод Меликов. — Барча замонавий шарт-шароит ҳамда қулайликларга эга бундай тураржойларнинг тўлови 20 йил мобайнида имтиёзли кредит асосида қопланади. Турган гапки, бу ёш оилалар учун жуда катта имкониятдир.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Тошкент вилояти кенгашидан маълум қилишларича, айни пайтда бундай иморатлар вилоятнинг кўплаб шаҳар ва туманларида барпо этилаяпти. Бу йил Олмалиқ, Бекобод шаҳарлари ва Оҳангарон, Бўстонлиқ туманларида қад ростлаган кўп қаватли уйларда ҳам қурилиш-монтаж ишлари якунига етди. Уларга ҳам, ҳадемай, “Камолот” уйларини имтиёзли ипотека кредити асосида сотиб олиш учун ариза берган, уй-жойга эҳтиёжманд, шунингдек, нуфузли халқаро ва мамлакат танловларида ғолиб бўлган, фан, санъат, адабиёт, спорт ҳамда бошқа соҳаларда юқори натижаларни қўлга киритаётган ёш оила вакиллари кўчиб ўтишади.
— Кайфиятимиз байрамона, — дейди “Камолот” уйи бекаларидан яна бири Моҳичеҳра Кўканова. — Чунки Янги йилни янги уйда кутадиган бўлдик. Бир қиз, бир ўғлимиз бор. Айём арафасида болажонларимизга арча ясатдик, дастурхон безадик. Айтгандек, байрам баҳона янги уйда меҳмонимиз бўлинг. Шаҳримиз марказидаги кўркамгина иморатнинг 12-хонадони — бизники! “Камолот” уйи қайси, десангиз, ҳамма кўрсатиб беради.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn