Ўзимизга хос ва мос йўл
  • 30 Декабрь 2014

Ўзимизга хос ва мос йўл

“Ўзимизда ишлаб чиқарилган”. Бугун бозору дўконларни айланганимизда, шундай сўзларни тез-тез эшитиб қоламиз. Муҳими, бундай маҳсулотлар сифати юқорилиги, нархи бирмунча арзонлиги билан ажралиб туради.

Зеро, бир пайтлар ҳатто оддий гугурт ишлаб чиқариш қувватига эга бўлмаган юртимизда эндиликда мураккаб электр жиҳозларидан тортиб, турли русумдаги автомобилларгача тайёрланиб, кўплаб мамлакатларга экспорт қилинаётгани кўнглимизда чексиз ифтихор туйғусини уйғотади.
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида шу хусусда тўхталар экан, буларнинг барчаси машҳур беш тамойилга асосланган мустақил тараққиёт моделимизнинг нақадар тўғри ва ҳаққонийлигини яна бир бор тасдиқлашини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқат, бугун иқтисодиётимизнинг барча соҳасида қўлга киритаётган ютуқларимиз дунё жамоатчилиги, халқаро эксперт ва мутахассисларнинг юксак эътирофига сазовор бўлаётгани бежиз эмас. Айниқса, саноат тармоқларидаги техник ва технологик янгиланишлар туфайли тадбиркорларимиз томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар жаҳон бозорида ҳам ўз ўрнини топаяпти.
Ўз фаолиятим мисолида айтсам, йигирма икки йилдирки, “Сардоба пахта тозалаш“ очиқ акциядорлик жамиятида ишлаб келаяпман. Шу боис корхонамизнинг тўқсонинчи йиллар бошидаги аҳволи билан ҳозирги ҳолатини кўп таққослайман. Ўшанда заводимизда эски ускуналардан фойдаланилгани боис тола олиш даражаси ҳамда сифати жуда паст эди.
Ниҳоят, орадан ўн йил ўтиб, бу ерда модернизациялаш тадбирлари амалга оширилгач, иш тутуми бутунлай ўзгарди. Илғор технология ва ускуналар, аввало, электр энергиясини тежаш имкониятини берди. Ишлаб чиқариш тизими ихчамлашиб, самарадорлик ошди. Ҳозир кунига 120-150 тонна пахтани қайта ишлаш қувватига эгамиз. Жамиятимиз ҳудудига қадам қўйсангиз, обод ва кўркам манзарага гувоҳ бўласиз. Яратилган шарт-шароит ҳам замон талаблари даражасида. Муҳими, меҳнатимиз қадрланиб, роҳатини кўраяпмиз.
Айни чоғда буюртмачиларимиз сафи тобора кенгаймоқда. Қайта ишланган хом ашёмиз мамлакатимиздаги ўнлаб тўқимачилик ва тикувчилик корхоналарига етказиб берилмоқда. Ўз навбатида, уларда сифатли тола бежирим либосларга айланиб, дунё бозорига чиқарилаяпти. Туманимиздаги “Сардоба текстиль” корхонаси фаолияти бунга мисол бўла олади.
Албатта, имконият ва рағбат муваффақиятлар асосидир. Шу маънода, юртимизда иқтисодиёт ривожи учун яратилган мустаҳкам пойдевор халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Шерали СУЮНОВ,
Оқолтин туманидаги «Сардоба пахта тозалаш» очиқ акциядорлик жамияти смена устаси,
«Шуҳрат» медали соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn