Барча шодлик — болаларга
  • 27 Декабрь 2014

Барча шодлик — болаларга

Мамлакатимизда Янги йил байрами шукуҳи кезмоқда. Юртдошларимиз кайфияти кўтаринки, чеҳраларида мамнунлик ифодаси балқиб турибди.

Айниқса, болажонларнинг қувончи чексиз. Чунки бундай дамларда уларга янада кўпроқ меҳр ва эътибор кўрсатилиб, турли тадбирлар ташкил этилади.
Хусусан, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Президент арчаси” байрам тадбирлари мурғак қалб эгаларига ўзгача хурсандчилик, шодлик ҳамда унутилмас онларни туҳфа қилади.
Бу йил ҳам Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Sen yolg‘iz emassan” республика болалар жамоатчилик жамғармаси томонидан ушбу байрамни юксак савияда ўтказиш учун қизғин ҳозирлик кўрилди.
Айтиш жоизки, “Президент арчаси”нинг асосий тадбирлари 29-30 декабрь кунлари пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида бўлиб ўтади. Унга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари таклиф этилади.
— Ўғил-қизларимизга бўлган меҳр ҳамда эътиборнинг ёрқин ифодаси саналган бундай ажойиб тантаналарни республикамизнинг барча шаҳару қишлоқларида юқори савияда ташкиллаштириш кўзда тутилган, — дейди Халқ таълими вазирлигининг маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Ҳикматилла Даминов. — Яна бир ўзига хос анъанага мувофиқ, болаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан тақдим этиладиган ўқув қуроллари, турли ўйинчоқлар ва ширинликлардан иборат бўлган 11 минг дона совға тайёрланди. Уларнинг дастлабкиси кеча Тошкент (897 дона), Сирдарё (265 дона) ва Жиззах (296 дона) вилоятларига “Президент совғаси” баннери туширилган автотранспортда етказилди. Шунингдек, 6109 дона ана шундай туҳфа “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси кўмагида Қорақалпоғистон Республикаси ва 9 та вилоятга олиб борилди. Бу эзгу ташаббуслар юртимизда ҳар бир фарзанд меҳр ва эътибор оғушида эканлигининг яққол тасдиғидир.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.
Ҳ. ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn