Буюк келажакнинг мустаҳкам пойдевори
  • 27 Декабрь 2014

Буюк келажакнинг мустаҳкам пойдевори

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси кенг жамоатчилик томонидан кўтаринкилик билан кутиб олинди. Зеро, ўтаётган йиллар, тарих қатига муҳрланаётган умримиз давомида “Ким эдигу ким бўлдик? Шу озод ва обод Ватанга наф бўлгулик қандай ҳисса қўшдик?” деган саволларга мазкур маърузадан жавоб топдик.

Истиқлол туфайли жаҳон харитасида Ўзбекистон деган мамлакат пайдо бўлди. Қисқа фурсатда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда улкан муваффақиятларга эришдик. Бунда Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” беқиёс аҳамиятга эга. Амалда ўзини тўла оқлаган ушбу модель халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилиши, ундан қатор давлатлар намуна сифатида фойдаланаётгани инсон манфаатларига хизмат қилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.
Соҳамиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ўн икки йиллик бепул таълимнинг жорий этилиши натижасида ёшларимизга умумтаълим фанлари қатори муайян касб-ҳунарларни эгаллашлари учун ҳам катта имконият яратилди.
Шунингдек, таълим муассасалари биноларини янгитдан қуриш ва капитал таъмирлаш, янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмаларини яратиш, илм масканларини ўқув қуроллари, махсус жиҳозлар билан таъминлаш, умуман, ёшлар камолоти учун нимаики зарур бўлса, шуни яратиб беришга бош масала сифатида қаралганидан, ҳатто, чет элдан ташриф буюраётган турли тоифадаги меҳмонлар ҳам ҳайратга тушаётганининг гувоҳи бўлаётирмиз.
Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва етакчи халқаро бизнес-мактабларидан бири — “ИНСЕАД” томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон таълим мақсадлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу юртимиз таълим тизими халқаро миқёсда юксак эътироф этилаётганининг яна бир тасдиғидир.
Таълим тараққиётининг негизи бўлган юқори малакали педагогик жамоани шакллантириш энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Чунки ёшларимиз ахборот-коммуникация тизими тараққий этаётгани туфайли ўз билимларини янада мустаҳкамлашга эришмоқдалар. Бундай шароитда педагоглар замонавий талабларга жавоб бериши зарур. Шу маънода, Президентимизнинг 2012 йил 28 майдаги “Малакали педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини шундай кадрлар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ушбу ҳужжатларга асосан, тизимда фаолият кўрсатаётган нопедагог ўқитувчиларни педагогик қайта тайёрловдан ўтказиш, ҳар уч йилда ўқитувчилар малакасини оширишни таъминлаш, аттестациядан ўтказиб туриш ўз самарасини бермоқда. Шунингдек, ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг иш ҳақларини мувофиқлаштириш меҳнатимиз қадрланаётганини кўрсатади. Қолаверса, ушбу қарорлар ёшларимизга инновацион педагогик технологиялар асосида дарс машғулотларини ўтказиш, уларга хорижий тилларни ўргатиш, таълимнинг илғор усулларини қўллашда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Муҳими, улуғ мақсадларни кўзлаб амалга оширилаётган бу борадаги ишлар ўз самарасини бермоқда. Жумладан, ёшларимиз халқаро фан олимпиадалари, турли кўрик-танловлар ҳамда кўргазмаларда иқтидори, ихтиролари, санъат намуналари билан барчани лол қолдирмоқда, Осиё, Жаҳон ҳамда минтақавий мусобақаларда спортчи ёшларимиз юксак ўринларни эгалламоқда. Бу, ўз навбатида, Президентимизнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт”, деган қанотбахш сўзларининг ҳаётда ўз тасдиғини топаётганига яққол далилдир.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг май ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда истиқлол фарзандларига, яъни буюк келажак сари юксак орзулар билан билим чўққиларини эгаллашга интилаётган ёшларимизга юқори баҳо бердилар.
Ушбу конференция материаллари асосида таълим муассасаларида дарс машғулотларининг ташкил этилиши ва бу ишга малакали ўқитувчиларнинг жалб қилиниши кўзланган натижани берди. Якунда конференция материалларига оид “Буюк аждодларга муносиб авлодлармиз” мавзуида коллежимизда иншолар кўрик-танлови ўтказилди. Танлов давомида 500 дан ортиқ иншоларни кўздан кечирдик. Қолаверса, жамоамиз билан маслаҳатлашиб, ушбу мавзуда интеллектуал беллашув ўтказишни ҳам зарур, деб ҳисобладик. Бунга кўра, ўқувчиларнинг касбий йўналишлари бўйича
14 та жамоа шакллантирилди ва улар тўрт босқичда баҳслашди. Якунда ғолиб деб топилган жамоа Самарқанд шаҳрига ҳомийлик тарзида уюштирилган саёҳатга бориш имкониятини қўлга киритди.
Гап шундаки, ушбу танловларни ўтказиш давомида ўқувчиларимиз алломаларнинг тарихдаги ўрни, улар қолдирган мерос ҳамда ҳозирги даврда бебаҳо асарларнинг аҳамияти ҳақида билиб олишга ҳаракат қилишди. Ўқувчиларимиздан бири Дилмурод Қобуловнинг иншосидан: “Биз конференция материалларини ўрганиш билан бирга, танловларда иштирок этиш ва иншо ёзиш жараёнида тарихий манбаларни ўрганишга, қўшимча адабиётларни таҳлил қилишга ва хулосалар чиқаришга ҳаракат қилдик. Булар замирида улуғ аждодларимизга ўхшашга иштиёқимиз шаклланди. Шунингдек, барча ўқувчиларда бирдек улардан ибрат олиш, уларга муносиб бўлиш ва қолдирган меросларини чуқур ўрганиш бизнинг келажак истиқболимизнинг янада бойитиши, билим савиямиз, мустақил фикрлашимизни янада оширишига сабаб бўлишини англаб етдик”. Яна бир ўқувчимиз Умиджон Абдунабиев эса “Биз улуғ алломаларнинг авлодларимиз. Уларнинг буюк мероси инсониятни доимо ҳайратлантириб келмоқда. Демак, биз бобокалонларимизга муносиб бўлишимиз керак. Алломаларимиз ҳозир ҳам бизнинг ёнимизда туриб, йўл кўрсатмоқда. Президентимиз Ислом Каримов ҳам ана шундай улуғ инсон. Чунки биз, ёшлар Юртбошимиз асарларини ўқиш-ўрганиш орқали дунёни англаяпмиз, мамлакатимиз келажаги буюк эканини идрок этиб, порлоқ истиқболга эришишда ўрнимиз борлигини чуқур ҳис қилган ҳолда, билим ва тафаккурларимизни бойитиб камол топаяпмиз”.
Тақдим қилинган иншоларда кишини ҳаяжонга соладиган бундай фикрларни кўплаб учратганимиз барчамизни қувонтирди. Зотан, буюкликдан буюклик туғилади, деганларидек, буларнинг бари давлатимиз раҳбарининг “Куч — билим ва тафаккурда” деган сўзлари ҳаётда ўз исботини топаётганига яққол далилдир.
Бугун ўқувчи-ёшларни билимли, етук инсон қилиб тарбиялаш уларнинг дарсдан бўш пайтларидан самарали фойдаланишларига ҳам боғлиқдир. Хусусан, коллежимизда ўттиз еттита фан ва ўн битта спорт тўгарагининг фаолият кўрсатиши, ҳар бир кафедра қошида иккитадан иқтидорли ёшларнинг билимдонлар жамоалари шакллантирилиб, улар ўртасида турли интеллектуал танлов беллашуви ўтказиб борилиши ижобий натижалар бермоқда. Хусусан, сўнгги икки йил мобайнида таълим муассасамиз ёшлари “Президент асарлари билимдони”, “Солиқ билимдонлари”, “Ҳуқуқ билимдонлари”, “Менинг бизнес ғоям”, “Ишбилармон ўқувчи” каби кўрик-танловларнинг республика босқичида учта биринчи, учта иккинчи, тўртта учинчи ўринни эгаллашди. Шунингдек, олти нафар ўқувчимизнинг фан олимпиадалари республика босқичида муносиб иштирок этиши, турли спорт мусобақаларининг мамлакат босқичида тўртта олтин, биттадан кумуш ва бронза, халқаро миқёсда битта бронза медалларини қўлга киритганлиги ёшларимизнинг чуқур билим олиш билан бирга, ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатишга интилишларининг намунасидир.
Ахборот-коммуникация технологиялари даврида бу ёшларимизнинг онги, билим ва тафаккури кун сайин ўсиб бораётгани педагог устозлар зиммасига шунга мос равишда изланиб ишлаш талабини қўймоқда. Шунга кўра, таълим муассасамизда “Бугунги ишни эртага қўйма” нақли ўрнида “Таълим-тарбияда эртанги ишни бугун бажариш ўта муҳим, кечикиш эса фожиадир” деган шиор илмий-педагогик Кенгаш қарорига асосан маъқулланди ва у ўқув биноси пештоқига илиб қўйилди. Унга амал қилиш эса ҳар бир педагогнинг касбига ва Ватанига садоқати даражасига боғлиқ.
Бугунги кунда битирувчилар бандлигини таъминлаш муҳим вазифадир. Шу маънода, бу борадаги ишлар Андижон вилояти, туман ва шаҳар ҳокимликлари раҳбарлигида ҳамкор ташкилотлар, иш берувчи ҳамда ота-оналар билан мустаҳкам алоқага асосланиб, тизимли тарзда йўлга қўйилгани ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Чунончи, жорий йилда 471 нафар битирувчидан 436 нафарининг бандлиги таъминланди. 29 нафар битирувчимиз эса олий ўқув юртларига қабул қилинди.
Халқимизда “Игна қаёққа юрса, ип ҳам ўша томонга боради” деган ҳикмат бор. Бинобарин, ёшларимизнинг ҳар жиҳатдан камол топаётгани устозларга боғлиқдир. Жумладан, коллеж ўқитувчилари томонидан “Тармоқлар технологияси”, “Иқтисодиёт асослари”, “Статистика”, “Иқтисодиёт назарияси” фанларидан дарсликлар яратилгани, 28 фандан Инновацион педагогик таълим технологиясига оид ўқув қўлланмалари тайёрлангани ва илмий муҳитни яратиши ёшлар таълим-тарбиясига ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Информатика фани ўқитувчиси Фарҳодбек Рўзиев “Шуҳрат” медали, 6 нафар ўқитувчи мустақиллигимизнинг 15 ва 20 йиллик кўкрак нишони, 7 нафари эса ўрта махсус, касб-ҳунар таълими аълочиси,
8 нафари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. “Маънавият асослари” фани ўқитувчиси, шоира Замира Рўзиеванинг 2014 йил “Олтин қалам” халқаро танлови ғолиби, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Зилола Тоштемированинг “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик-танловининг республика босқичида иккинчи ўринни эгаллагани Ватан равнақи йўлида меҳнат қилаётган ҳар бир инсоннинг азизу мукаррам эканлигининг тасдиғидир.
Якунланаётган йилда менинг ҳаётимда ҳам унутилмас воқеа рўй берди. Истиқлолимизнинг қутлуғ 23 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига лойиқ топилганим учун миннатдорчилигимнинг чеки, чегараси йўқ.
Бу олий мукофот таълим тизими ходимларига юксак эътибор намунаси бўлиши билан бирга, Андижон вилоятида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларига берилган юксак баҳо ҳамдир. Умрим мазмунига айланган бундай чексиз ҳурмат ва эътиборга муносиб бўлиш учун барча имконият ва тажрибамни тўлиқ сафарбар этишни муқаддас бурчим, деб ҳисоблайман.

Шукуржон МАМАТКУЛОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони.
Олтинкўл иқтисодиёт коллежи директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn