Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари III Миллий форуми
  • 27 Декабрь 2014

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари III Миллий форуми

Пойтахтимизда “Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги сари” шиори остида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари III Миллий форуми бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан ташкил этилди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллари амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифаларни муҳокама қилиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб вазифалари ечимида ўз ўрнини аниқлаш, давлат органлари билан ҳамкорлик, лойиҳаларнинг самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашдилар.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий форумининг дастлаб жойларда ҳудудий босқичлари ўтказилди. Уларда давлат органлари вакиллари билан ҳамкорликда таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит муҳофазаси, аҳолининг бандлик даражасини ошириш, эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, “Соғлом бола йили” Давлат дастурини рўёбга чиқаришда ННТ иштироки натижалари муҳокама этилди. 2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йили учун ишлаб чиқиладиган Давлат дастурида фуқаролик институтларини янада фаоллаштириш борасида таклифлар берилди. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан ўтказилган семинар-тренингларда ННТ фаоллари билим ва кўникмаларини оширдилар. Ижтимоий шериклик тўғрисида меморандум ҳамда келишувларга эришилди, жамоат ташкилотларининг бу борадаги  фаолияти бўйича илғор тажрибалари намойиш қилинди.
Умуман, ҳудудларда ўтган форумларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўсиб бораётган салоҳияти, аҳоли ижтимоий муҳофазаси ва фаоллигини ошириш, бандлик, атроф-муҳитни асраб-авайлаш, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва бошқа йўналишларда улар самарали иштирок этаётгани намоён бўлди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари жамиятда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутмоқда. Улар аҳоли барча қатлами вакиллари салоҳиятини юзага чиқариш, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш учун шароитлар яратмоқда.
Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари нафақат турли йўналишларда ғоя ва ташаббусларини ҳаётга татбиқ этаяпти, балки қонун ҳужжатлари, давлат ва мамлакат ҳамда жамиятни ривожлантириш дастурларини қабул қилишда қатнашмоқда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошираётир.
Турли шакллардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вужудга келиши ҳамда уларнинг жадал ривож топишида соҳага доир мустаҳкам қонунчилик базаси, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асос муҳим замин бўлди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари III Миллий форуми ранг-баранг тадбирларни қамраб олди. Форумнинг илк кунида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантиришга бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг қатор вазирлик ва идоралари вакиллари қатнашди. Тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан давлат органлари ўртасидаги алоқаларни янада кучайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниб, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросида ННТ иштироки якунлари кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, нодавлат нотижорат ташкилотлари бу борада назарда тутилган 125 та тадбирнинг 65 тасига жалб қилинди.
— “Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол иштирок этди, — деди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А. Худаяров. — Фуқаролик жамияти институтлари аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш ва репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, профилактика ишлари самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнади. Давлат органлари билан ҳамкорлик имзоланган меморандумлар асосида амалга оширилди. 2015 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун ушбу ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга туртки бериши, шубҳасиз. У энг долзарб масалаларга ечим топишга аҳолини жалб этиш, жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро алоқани мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш учун анъанавий майдон ҳисобланган форумнинг бу йилгиси мутлақо янги шарт-шароитда бўлиб ўтди. Зеро, 2014 йилда фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини муҳофаза этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ролини янада юқори босқичга олиб чиқишга йўналтирилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ННТ фаолиятини янада фаоллаштиришда салмоқли омил бўлди.
— 2002 йилдан буён фаолият кўрсатаётган ташкилотимиз оилавий тадбиркорликка асосланган корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги фуқароларга кўмаклашиб келаяпти, — деди Бухоро вилоятидаги “Тараққиёт” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари В. Ниёзов. — Улар учун ушбу йўналишда ўқув семинарлар ўтказамиз, маслаҳат хизматлари кўрсатамиз. Шуни айтишим керакки, ижтимоий шериклик асосида иш олиб боришимизда, меморандумлар имзолашимизда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг ёрдами катта бўлмоқда. Ушбу форум ННТ ўртасида фикр, тажриба алмашишда алоҳида ўрин тутади. У биз, фуқаролик сектори вакилларига долзарб ижтимоий вазифаларни бажаришда давлат органлари билан ҳамкорлик самараларини ошириш масалаларини муҳокама қилиш имконини беради. Бугунги конференцияда давлат органлари билан янги алоқаларни йўлга қўйдик, маълумотларни асл манбадан олдик. Айниқса, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини экспертлар билан биргаликда кўриб чиққанимиз анча фойдали бўлди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалий рўёбида ННТ фаоллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқдик.
— Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллашувида уларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш механизми ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда, — деди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти лойиҳа раҳбари
Г. Ҳотамова. — Президентимизнинг 2013 йил 12 декабрдаги қарори асосида уларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича қатор имтиёз ва преференциялар берилди, рўйхатга олиш механизми, тартиб-таомили соддалаштирилди. Бу мамлакатимизда ННТнинг нафақат сон жиҳатидан ўсишига хизмат қилади, балки лойиҳалар сифатини ошириш, уларни аниқ қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда самарали фаолият юритиши ва кенг иштирок этишини таъминлайди. Ўз навбатида, жойлардаги долзарб масалаларни аниқлаб, уларга вақтида ечим топиш имконини беради. Қолаверса, хотин-қизлар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар ҳам алоҳида мақомга эга бўлди. Бу ФЖШМҚМИнинг фуқаролик жамиятининг ҳолатига доир йиллик маърузасида ҳам ўз ифодасини топган.
Форум доирасида Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан ишлаб чиқиладиган Давлат дастурини амалга оширишга нодавлат нотижорат ташкилотлари қўшиши мумкин бўлган ҳиссаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Ҳудудий ташкилотлардан келиб тушган таклифлар умумлаштирилиб, уларни кўриб чиқиш ва 2015 йилги Давлат дастурига мумкин даражада киритиш бўйича комплекс тавсиялар ишлаб чиқилди.
Семинар давомида ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларига Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси фаолиятининг устувор йўналишлари, ННТ фаоллари ҳуқуқий ва касбий билимлари ҳолати ҳамда уларни ошириш истиқболлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Форум доирасида “ННТ олами” номли фотокўргазма ва хайрия ярмаркаси бўлиб ўтди. Ҳудудлардаги энг фаол ташкилотларга фахрий ёрлиқлар топширилди. Энг яхши ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа, ижтимоий шерикликни ривожлантиришга оид энг яхши ғоя ва бошқа номинацияларда танлов ғолиблари аниқланди.
Ҳудудий ташкилотлар фаолиятини комплекс қўллаб-қувватлаш, ижтимоий шериклик институтини янада ривожлантириш мақсадида тадбир давомида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ННТ ўртасида қатор меморандум ҳамда келишувлар имзоланди. Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга оид ҳуқуқни қўллаш амалиёти, қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
— Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Соғлом бола йили” Давлат дастурини рўёбга чиқаришда ННТнинг роли алоҳида таъкидлаб ўтилди, — деди Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси ўринбосари Н. Миродилова. — Хусусан, жорий йилда унинг ижроси доирасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлатнинг бошқа тузилмалари билан ҳамкорликда мингдан зиёд маънавий-маърифий, маданий тадбирлар уюштирдик. Уларда қамраб олинган ўн минглаб аҳоли вакилларининг асосий қисмини ёшлар ташкил этди. Бундан ташқари, Андижон, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида ҳам турли тадбирлар ташкил этилди. Улар ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда ННТнинг роли ҳамда ўрни мавзусига бағишланди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари III Миллий форуми фуқаролик жамияти институтлари фаоллиги ортиб бораётгани, соҳа вакилларининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси юксалаётганини кўрсатди. Унда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган жамоат ташкилотлари, давлат тузилмалари вакиллари ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, давлат органлари ва ННТ ўртасидаги ижтимоий шерикликни, энг аввало, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига бевосита дахлдор соҳаларда мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама этишди, биргаликда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳамда шакллари аниқлаб олинди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn