Муқаддас бурч
  • 27 Декабрь 2014

Муқаддас бурч

Пойтахтимизда Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилаётган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг 2014 йилги фаолияти якунлари ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, Президентимиз раҳнамолигида замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган, тезкор ва ҳаракатчан, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ҳамда техникага эга миллий армия барпо этилгани мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолатига айланди. Бу, аввало, ҳарбий билим, маҳорат, кўникма ва малакага, юксак маънавий-руҳий тайёргарликка, бақувват ирода, фаол ҳаётий позицияга эга ҳарбий кадрлар тайёрлаш ишлари тубдан такомиллаштирилаётгани самарасидир.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мустақилликнинг илк кунларидан ҳарбий таълим соҳасини профессионализм ва миллий истиқлол ғоялари асосида қайта ташкил этишга киришилди. Қуролли Кучларимизни ҳар қандай хавф-хатарни чуқур таҳлил қилишга қодир, тезкор қарорлар қабул қила оладиган, билимли, бой тафаккурга эга офицер кадрлар билан тўлдириш тизими тубдан ислоҳ этилди.
Бу каби кенг қамровли чора-тадбирлар самараси ўлароқ, халқимиз тинч ва осуда ҳаёт кечирмоқда. Истиқлол берган беқиёс имкониятлар, эзгуликлардан баҳраманд бўлиб, ёрқин келажак сари дадил одимлаяпмиз.
Қайд этилганидек, бугун дунёнинг айрим нуқталарида таҳликали вазиятлар пайдо бўлгани, молиявий-иқтисодий инқироз, ишсизлик авж олаётгани бизни улардан тўғри хулоса чиқаришга, ҳар биримизни шукрона билан яшашга, қўлга киритган аҳамияти бебаҳо ютуқларимизни қадрлашга, уни кўз қароғида асраб-авайлашга ундайди. Бинобарин, дориламон кунларимиз, осуда ҳаётимиз ҳақида мушоҳада юритганда, унинг мустаҳкам ва ишончли кафолати бўлиб хизмат қилаётган Қуролли Кучларимизни алоҳида таъкидлаб ўтамиз. Чунки миллий армиямизни барпо этиш йўлида олиб борилган оқилона сиёсат, ислоҳотлар мустақилликка эришишимиз тарихининг узвий бир қисми бўлиб, авлодлар учун ҳамиша ибрат қилиб кўрсатиладиган унутилмас воқеалар сирасига киради.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 9 декабрдаги “Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Фармойишига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудида ушбу санага бағишлаб “Ватан — улуғ, бурчим — муқаддас” шиори остида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Жамоатчилик кенгаши аъзолари, таниқли фан арбоблари, ижодкорлар, маданият, спорт соҳаси вакилларидан иборат тарғибот-ташвиқот гуруҳлари томонидан ҳам ҳарбий қисм ва муассасаларда, юрт тинчлигини сақлаш йўлида фидойилик кўрсатаётган ҳарбий хизматчилар билан маҳаллалар, корхоналар ва таълим муассасаларида учрашувлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Ана шу тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш халқимизда, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида миллий армиямизга нисбатан фахр-ифтихор туйғуларини янада ошириши қайд этилиб, журналистларга тегишли тавсиялар берилди.
Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг жорий йилдаги фаолияти сарҳисоби ҳамда истиқболдаги режалари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn