Аҳоли ижтимоий ҳимояси — доимо эътиборда
  • 27 Декабрь 2014

Аҳоли ижтимоий ҳимояси — доимо эътиборда

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Унда парламент аъзолари, Бош прокуратура, Марказий банк, вазирлик ва идоралар, ҳамкор ташкилотлар, иш берувчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, касаба уюшмалари фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда кейинги йилларда юртимиз иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани, шу жумладан, меҳнат соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар бажарилгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Меҳнат кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариш, аҳоли, айниқса, ёш мутахассисларни ишга жойлаштириш ва меҳнат муносабатлари борасидаги кафолатни кенгайтириш, ногиронларни ижтимоий ҳимоялашдаги қонунбузарлик учун жавобгарликни кучайтиришнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. Айни чоғда давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 26 декабрдаги Фармони билан 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тарзидаги шартномалар бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган, ёшга доир пенсияларнинг минимал миқдоридан паст даромад оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланиши белгилаб қўйилди.
Анжуманда жорий йилда аҳолининг реал даромадларини ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий масалаларни ҳал қилиш борасидаги ишлар ҳам изчиллик билан олиб борилганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, хотин-қизлар оғирини енгил қилиш, уларнинг қобилият ва иқтидорини рўёбга чиқариш бўйича кенг кўламли юмушлар бажарилди.
Бундай эзгу ишлар касаба уюшмалари томонидан ҳам амалга оширилаяпти. Хусусан, шу йилда касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан турли хайрли тадбирларга 53 миллиард 717 миллион сўм йўналтирилди. Шу жумладан, бир миллиард 500 минг сўмлик маиший электр техника жиҳозлари кам таъминланган оилалар вакилларига бепул тарқатилди. Жамоат шартномалари ва келишувлари орқали 183 минг 441 оила ва фуқароларга 116 миллиард 969 миллион сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Мазкур йўналишдаги ишларни муваффақиятли амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ўртасида 2014 — 2016 йиллар учун имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жамоа келишувларида ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш, даромадларни ошириш, ходимлар учун узайтирилган асосий ва қўшимча таътилларни йўлга қўйиш, ходимлар ва улар оила аъзолари, шу жумладан, болаларни соғломлаштиришни кучайтириш ва бошқа қатор масалалар назарда тутилган бўлиб, бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳам анжуман иштирокчилари томонидан таҳлил қилинди. Биргина жорий йилнинг ўзида
295 минг 624 нафар бола, жумладан, кам таъминланган оилаларнинг 66 минг нафар фарзанди ёзги оромгоҳларда имтиёзли дам олиш имкониятидан фойдаланди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон касаба уюшмалари, вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилотларнинг бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринлари яратиш борасидаги вазифалари, шунингдек, ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ҳақи ва ижтимоий нафақаларнинг вақтида тўланишини таъминлаш, давлат бюджетидан молиялаштириладиган корхона, муассаса ҳамда ташкилотларда ижтимоий ҳимоя ва меҳнат муҳофазасини янада такомиллаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn