Ёшлар ва жамият
  • 14 Февраль 2014

Ёшлар ва жамият

Ёшларнинг иқтидор ва истеъдодини юзага чиқариш, интеллектуал салоҳияти юқори, дунёқараши кенг, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарувчи муҳим дастуриламал бўлди.
Қувонарлиси, эртамиз давомчиларининг орзу-умидлари, мақсад-муддаолари, ўй ва тафаккурлари ҳам ана шу эъзоз ва эътиборга хос — она-Ватанга чексиз муҳаббат, садоқат ва фидойилик каби муштарак туйғуларга йўғрилган. Уларнинг илм-фан, санъат, спорт ва бошқа кўплаб соҳаларда эришаётган ютуқлари замирида ҳам юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси мужассам.
“Камолот” ЁИҲ Тошкент вилояти кенгашининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциясида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мазкур ташкилотнинг пойтахт вилояти бўлими ҳудуднинг 444 мингдан зиёд  ёшларини ўз атрофида бирлаштирган. Ҳаракатнинг жойларда фаолият юритаётган 1 минг 300 га яқин бошланғич ташкилоти ёшларнинг қизиқиши ва талабига мос, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашувчи, орзу ва интилишларига қанот берувчи янгидан-янги лойиҳа ва ташаббусларни  илгари суриб келмоқда. “Сиз қонунни биласизми?”, “Конституция — бахтимиз пойдевори”, “Мен сайловга тайёрман” каби лойиҳалар, ёшларнинг депутатлар, маҳаллий бошқарув идоралари раҳбарлари, фан, таълим, маданият ва спорт намояндалари билан учрашувларининг ташкил этилаётгани шулар жумласидандир.
Айниқса, тижорат банклари иштирокида амалга ошириб келинаётган “Ёш тадбиркор — юртга мададкор”, “Менинг бизнес ғоям” каби тадбирлар ишбилармон ёшларнинг бизнес лойиҳалари рўёбига кенг йўл очмоқда. Ана шу лойиҳалар доирасида ҳисобот даврида 1 минг 648 нафар ёш тадбиркор, фермер ва ҳунарманд имтиёзли кредит эвазига ўз бизнесини йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Кўплаб ёшлар ипотека ва истеъмол, шунингдек, таълим кредитларидан фойдаланишаётир. Қолаверса, ҳамкор идоралар билан ижтимоий шериклик асосида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ёшлар ўртасида жиноятчилик, эрта никоҳнинг олдини олиш борасида ижобий самаралар бераётир.
Конференцияда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент вилояти кенгаши раиси ва унинг ўринбосарлари сайланди.
Тадбирда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б. ўаниев, Тошкент вилояти ҳокими А. Усмонов сўзга чиқди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn