Маҳалла ислоҳотларда фаол қатнашмоқда
  • 25 Декабрь 2014

Маҳалла ислоҳотларда фаол қатнашмоқда

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан маҳалла институтининг самарали фаолият юритишига кўмаклашиш борасида белгиланган чора-тадбирлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги долзарб вазифаларга бағишланган анжуман ўтказилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жамият ҳаётида тутган нуфузини юксалтириш баробарида, унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди. Хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари томонидан маҳаллаларда миллий анъана ва қадриятларимизни кенг тарғиб этиш, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз фуқаролар, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш, фуқаролар йиғинлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, уларга услубий-амалий ёрдам кўрсатиш ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида 873 фуқаролар йиғини компьютер жамламаси, 920 таси мебель жиҳозлари билан таъминлангани бунга ёрқин мисолдир. Шу билан бирга, ушбу даврда 175 та фуқаролар йиғини биноси реконструкция қилинди, 19 та маҳалла биноси янгидан қуриб берилди, 282 тасини эса йиғинлар балансига олинишига кўмаклашилди. Шунингдек, 627 та фуқаролар йиғинлари намунали ҳолатга келтирилди.
Анжуманда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини услубий адабиётлар билан таъминлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар хусусида ҳам сўз юритилди. Жумладан, ўндан зиёд номдаги рисола ва адабиётлар тайёрланиб, маҳаллаларга етказилди. Айни чоғда фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича “Маслаҳат марказлари” ишини самарали ташкил этиш юзасидан услубий тавсиялар берилди ва улар  зарур адабиётлар билан таъминланди.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам иштирокчиларга батафсил маълумот берилди. Ёшларни спортга кенг жалб қилиш мақсадида бу даврда Фонд ҳисобидан 173 та болалар майдончаси қайта таъмирланди, 152 таси янгидан қурилди.
Маҳаллаларда 760 мингга яқин болалар спортнинг 20 дан ортиқ турларига, 161 йўналиш бўйича тўгаракларга жалб қилинди. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 912 та ижодий жамоа — ашула ва рақс, эстрада дасталари ташкил этилиб, уларга 5 минг нафардан ортиқ иқтидорли ўғил-қизлар қамраб олинди.
Қатнашчилар томонидан маҳалла институтининг халқаро миқёсда катта қизиқиш билан ўрганилаётгани алоҳида қайд этилди. Бу борада Жанубий Корея, АҚШ, Германия, Хитой, Бельгия, Буюк Британия, Франция каби давлатларда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” номли китоб ҳамда “Ўзбекистонда маҳалла институти: тарихий тажриба ва ҳозирги кун” ҳужжатли фильмининг тақдимотига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатлари ва учрашувлар аҳамияти салмоқли бўлди.
Шунингдек, тадбир давомида журналистлар ўртасида эълон қилинган “Истиқлол — ғурурим, маҳаллам — фахрим” танловининг ғолиб ва совриндорлари диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
—  Маҳалланинг жамият ҳаётида тутган ўрни тобора ошиб бормоқда, — дейди ушбу танловнинг телевидение йўналиши бўйича ғолиби, Жиззах шаҳар телевидениеси мухбири Камола Раҳмонова. — Буни фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашаётганида ҳам кўриш мумкин. Халқчил бошқарув идораси бўлган мазкур масканнинг ана шу жиҳатларини “Менинг маҳаллам” кўрсатуви орқали кенг ёритаяпмиз. “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизми ва “Ота-оналар университетлари” фаолиятига алоҳида урғу берилаётганлигини ҳам айтиб ўтиш зарур. Бугунги рағбат бизни янада шижоат билан ишлашга ундайди, албатта.
Якунда Кексаларни эъзозлаш йилида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкилий тузилмасида кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш тизимини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратиш ҳамда ёшларни катталарга ҳурмат, эҳтиром ва ғамхўрлик руҳида тарбиялаш механизмини янада такомиллаштириш, ёши улуғ инсонларга ижтимоий хизмат кўрсатиш ва уларни соғломлаштириш билан боғлиқ долзарб вазифалар белгилаб олинди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn