Тезкорлик ва замонавийлик суғурта компаниялари ишида асосий мезонга айланган
  • 25 Декабрь 2014

Тезкорлик ва замонавийлик суғурта компаниялари ишида асосий мезонга айланган

Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда суғурта бозори ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шу боис кейинги йилларда юртимизда мазкур соҳага ихтисослаштирилган компаниялар ўртасида рақобатни шакллантириш ва таклиф этилаётган суғурта хизматларини замонавийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Натижада у эндиликда нафақат аҳолини ижтимоий ҳимояловчи ёки ишбилармонлар фаолиятини рағбатлантирувчи, балки иқтисодиёт тармоқлари ўртасидаги муносабатларни жадаллаштирувчи ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги мавқеини мустаҳкамловчи восита сифатида майдонга чиқаяпти. “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ана шулар хусусида сўз юритилди.
Тадбирда таъкидланганидек, айни пайтда “Ўзбекинвест” ўзининг жадал халқаро фаолияти, ривожланган ҳудудий тармоқларининг мавжудлиги, тақдим этилаётган хизматларининг сифатлилиги, суғурта портфелининг мувофиқлиги ва диверсификацияси туфайли кўп тармоқли, ижтимоий йўналтирилган суғурта компанияси сифатида намоён бўлмоқда. Ҳозирги кунда жойларда унинг 124 та бўлинмаси, 14 та ҳудудий филиали ва 800 та агенти орқали мижозларга юздан зиёд хизмат турлари тақдим этилаётгани бундан далолат беради. Натижада жорий йил якунларига кўра, суғурта мукофоти ҳажмини ўтган йилдагига нисбатан 135 фоизга, суғурта мажбуриятларини қабул қилиш ҳажмини эса 190 фоизга етказиш мўлжалланаяпти. Шу кунгача амалда қопланган суғурта миқдори 12 миллиард сўмдан ошиб кетди.
Компаниянинг суғурта маркази директори Шуҳрат Аминжоновнинг айтишича, бунда Соғлом бола йили муносабати билан, қолаверса, мижозларнинг талабига кўра, “Меҳрибон ота-оналар”, “Она ва бола”, “Соғлом бола” сингари янги хизмат турлари жорий этилгани айни муддао бўлди.
Шу билан бирга, жойларда 25 та янги бўлинма ҳамда шунча шохобча фаолияти йўлга қўйилди. Келгуси йилда эса яна 12 та бўлинма ишга туширилиб, кексаларга иккита махсус хизмат тақдим этилади. Амалдаги баъзи суғурта хизматлари бўйича эса чегирмалар ишлаб чиқилади.
Тадбирда мутахассислар томонидан мамлакатимиз ва дунё суғурта бозоридаги янгиликлар, соҳа тараққиёти йўлидаги бошқа лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn