Академик Остон Жалилов
  • 14 Февраль 2014

Академик Остон Жалилов

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. ўўза генетикаси ва селекцияси соҳасидаги йирик олим, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги Остон Жалилов 77 ёшида вафот этди.

О. Жалилов 1937 йили Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида деҳқон оиласида туғилди. 1961 йили Тошкент давлат университетини тугатиб, Фанлар академиясининг Ўсимликлар экспериментал биологияси (ҳозирги Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси) институтида кичик илмий ходим сифатида иш бошлади. 1967 йилда номзодлик, 1983 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.
Истеъдодли олим ўзининг 50 йилдан ортиқ илмий фаолияти давомида Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида катта илмий ходим, лаборатория мудири, директор ўринбосари, Фанлар академиясининг “Биолог” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директори каби масъул лавозимларда хизмат қилди ва юртимизда ғўза селекцияси соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, шу йўналишда юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.
Заҳматкаш тадқиқотчининг ғўза селекциясининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган ўнлаб мақола ва рисолалари, илмий ихтиролари кенг жамоатчиликка яхши маълум. У ҳамкасблари ва шогирдлари билан сифатли ва пишиқ тола берадиган, эртапишар, турли касалликларга чидамли ғўза навларини яратиш борасида самарали фаолият кўрсатди.
Таниқли олимнинг бевосита раҳбарлигида ўндан ортиқ фан номзоди ва докторлари тайёрланган.
Академик О. Жалиловнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган.
У “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони билан мукофотланган эди.
Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Остон Жалиловнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

И. КАРИМОВ, И. СОБИРОВ, Д. ТОШМУҲАМЕДОВА, Ш. МИРЗИЁЕВ, Ш. СОЛИҲОВ

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « АКТ ва замонавий хизматлар Қисқа сатрларда »