Баркамол авлод тарбияси маҳаллаларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларда ҳам яққол намоён бўлмоқда
  • 20 Декабрь 2014

Баркамол авлод тарбияси маҳаллаларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларда ҳам яққол намоён бўлмоқда

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Чақар” маҳалла фуқаролар йиғинидамиз. Йиғиннинг замонавий услубда қад ростлаган, шинам, озода биносига бирин-кетин кириб келаётган ўн чоғли қиз эътиборимизни тортди.

— Мактабдаги дарсдан сўнг ҳафтасига уч марта шу ерга — маҳалламиз қошида очилган тўгаракка келамиз, — дейди ўзини 324-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Мадина Мелибоева деб таништирган қиз. — Бу ерда дугоналарим билан тўқиш, бисер билан безак бериш сирларини ўрганаяпман. Қизиқарли ва фойдали машғулот экан. Ҳозир иссиқ кийимлар тўқишни анча ўзлаштириб олдим.
Дарҳақиқат, маҳалла қошида ташкил этилган тикувчилик ва тўқувчилик тўгараклари йигирмадан зиёд қизларнинг дарсдан сўнг ошиқадиган севимли масканига айланган. 2008 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган бу тўгараклар ўқувчи-ёшларнинг бўш пайтларини мазмунли ўтказишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда инглиз тили ва рассомчилик йўналишларида ҳам тўгараклар очиш мўлжалланаётгани эътиборлидир.
— Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшлар тарбияси, уларнинг маънавиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан зарур шарт-шароитлар яратилаётир, — дейди “Чақар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сайёра Муҳаммедова. — Маҳалламизда истиқомат қилувчи 7 минг нафардан зиёд аҳолининг 1 минг 356 нафарини вояга етмаганлар ташкил этади.
Уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини  ҳимоя қилиш, ёшлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар бўйича профилактика ишларини кучайтириш мақсадида олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз ўз натижасини бермоқда. Ҳозирда маҳалламиздаги вояга етмаганларнинг қарийб 65 фоизи дарслардан ташқари миллий ҳунармандчилик, спорт, мусиқа ва санъат тўгаракларига жалб қилинган. Умуман, маҳалламиздаги барча болаларнинг хулқ-атворидаги ўзгаришлар, мақсад ва интилишлари доимий эътиборимизда.
Маҳаллаларда вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маънавият ва маърифат, хотин-қизлар билан ишлаш, яраштириш каби асосий фаолият йўналишлари бўйича комиссиялар ташкил этилгани жамиятда ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, ёш авлод ўртасида маънавий-тарбиявий ишларнинг унумдорлигини оширишда вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари комиссиясининг салмоқли ўрни бор.
Ёшлар ўртасида соғлом муҳитни қарор топтиришда, аввало, оила алоҳида ўрин тутади. Бола ривожланишининг 70 фоизи мактабгача ёшга тўғри келишини ҳисобга олсак, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит ёш авлоднинг шаклланишига жиддий таъсир кўрсатишини англаш қийин эмас. Шу нуқтаи назардан, “Чақар” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳам ҳудуддаги 2 минг 325 оиланинг турмуш тарзини ҳамда ота-оналарнинг фарзандига нисбатан муносабати ва масъулиятини ўрганиб, зарур ҳолларда кўмаклашиб келаётир.
— Оилалар билан ишлашда “Камолга етаётган ҳар бир ўғил-қиз ўзига нисбатан алоҳида эътибор ва ғамхўрликни, назоратни ҳис қилиб улғаймоғи керак”, деган мақсадни кўзлаймиз, — дейди фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоҳида Абдумажидова. — Ота-оналар билан ўтказиладиган учрашувларда ҳам болалар оилада етарлича меҳр тополмаслиги оқибатида кўчага чиқиб кетиши мумкинлиги ва бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш лозимлигини, фарзанд учун, энг аввало,  ота-она шахсий намуна бўлиши зарурлигини атрофлича тушунтираяпмиз. Бундай тарғибот тадбирлари натижасида сўнгги беш йилда маҳалламизда вояга етмаганлар томонидан бирорта ҳам ҳуқуқбузарлик содир этилмади.
Фуқаролар йиғини қошидаги вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари комиссияси маҳалла болаларининг мактаб, лицей ва касб-ҳунар коллежларига қатновини — давоматини доимий таҳлил этиб бормоқда. Дарс пайтлари ўқувчиларнинг турли кўнгилочар масканларда, интернет-кафе ёки компьютер-клубларида бўлишининг олдини олишда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги қўл келмоқда. Ушбу комиссия саъй-ҳаракати билан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битирган ёш мутахассисларнинг бандлигини таъминлашда ҳам ижобий кўрсаткичларга эришилди. 
— 2013/2014 ўқув йилида маҳалламиздан 101 нафар йигит-қиз касб-ҳунар коллежларини битирган бўлса, уларнинг 15 нафари ҳозир республикамиздаги нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда, қолган битирувчилар ҳам ўз мутахассислиги бўйича тегишли корхона ва ташкилотларда меҳнат фаолиятини юритмоқда, — дейди Сайёра Муҳаммедова. — Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинининг йўлланмаси асосида Шайхонтоҳур тумани бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ҳузуридаги ўқув марказида касбий билим ҳамда ҳунар эгаллаётган ёшларимиз бор.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия масъул котиби Абдулҳай Юсуповнинг айтишича, пойтахтимизда ёшлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги ибратли  маҳаллалар сафи тобора ортмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлашда, қолаверса, вояга етмаганлар билан ишлашда маҳалланинг роли ошиб бораётгани ёш авлод камолотида муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, болаларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг беғубор оламини турли салбий иллатлардан кўз қорачиғидек асраш, таълим-тарбияда спортнинг ўрни ва таъсирини янада кучайтириш йўлидаги ташаббус, интилишлар кучли, билимли, доно ҳамда бахтиёр авлодни тарбиялашдек улуғ мақсадлар рўёбига хизмат қилади.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn