Нафосат ва саломатлик
  • 19 Декабрь 2014

Нафосат ва саломатлик

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида “Мустақиллик йилларида хотин-қизлар спортининг ривожи: ютуқлар ва муаммолар” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизлар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қизларни спортга кенгроқ жалб этиш мақсадида спорт мажмуаларида турли секциялар фаолияти йўлга қўйилди. “Соғлом аёл — соғлом жамият”, “Аёл соғлом бўлса, авлод соғломдир” республика фестиваллари мунтазам ўтказиб келинаётир. Айниқса, бадиий гимнастикани оммалаштириш борасидаги ишлар ўз самарасини бераяпти. Ўзбекистон мазкур спорт тури бўйича қатор халқаро мусобақаларга мезбонлик қилмоқда, уларда қизларимиз муваффақиятли қатнашаётир.
Ана шу эзгу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, халқаро майдонларда Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчиларимизнинг салмоқли қисмини хотин-қизлар ташкил этаяпти. Чунончи, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаларининг 30 нафари спорт соҳасидаги муваффақиятлари учун ана шундай юксак эътирофга сазовор бўлгани улкан эътиборнинг амалий самарасидир.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳам аёллар ўртасида спортни кенг тарғиб этиш борасида янги-янги ташаббусларни илгари сурмоқда. Хусусан, қўмита саъй-ҳаракати билан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида Хотин-қизлар спортини ривож-
лантириш йўналиши очилди.
Ушбу йўналишга 2013 йили 220 нафар талаба қабул қилинган бўлса, 2014 йили 260 та квота ажратилди.
Бу каби тадбирлар натижасида ўтган йили мамлакатимиздаги аёл мураббийлар сони 15 минг 426 нафарга етди.
Анжуманда мазкур ютуқлар билан бир қаторда, ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳам мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида таҳсил олаётган талаба-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, вилоятларда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва мактабларда фаолият юритаётган аёл мураббийларни олий маълумотга эга бўлишлари учун йўналтириш, уларнинг малакасини ошириш тизимини яхшилаш, машғулотлар жараёнига замонавий педагогик ва информацион технологияларни татбиқ этиш айни муддаодир. Иштирокчилар томонидан хотин-қизлар спортини ривожлантиришда дуч келинаётган муаммолар илмий ва амалий жиҳатдан таҳлил қилиниб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова иштирок этди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn