Ижод ва масъулият
  • 19 Декабрь 2014

Ижод ва масъулият

Мамлакатимизда истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида маънавий-маърифий соҳадаги ишларни юксалтириш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат, қадриятларга чуқур эҳтиром туйғусини сингдиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бунда адабиётнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда муҳим.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган давра суҳбатида ҳам ана шулар ҳақида сўз борди. Президентимиз Ислом Каримовнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 22  йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар ҳамда уюшманинг 2014 йилдаги фаолияти натижаларига бағишланган мазкур йиғилишда Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоир ва бошқалар мамлакатимизда инсон манфаатларига устувор аҳамият қаратиш, маънавиятни юксалтириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларни таъкидлаб ўтдилар.
Хабарингиз бор, 2010 йилда Президентимизнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида “Ижод” фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжат қабул қилингач, унда кўзда тутилган вазифалар бўйича беқиёс ўзгариш ҳамда янгиланишлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори бадиий сўз санъати, унинг ривожи йўлида меҳнати сингган ижодкорлар хотирасини ардоқлаш борасида кўрсатилаётган улкан эътиборнинг яна бир ифодаси бўлди. Қарор ижроси юзасидан ўқув масканлари, маҳаллалар, меҳнат жамоаларида учрашувлар, маърифий тадбирлар ўтказилди. Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинди. “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида “Сайланма” асарлари, “Адиб” нашриётида “Муҳаммад Юсуф замондошлари хотирасида” тўплами чоп этилди. Шунингдек, ёзувчи ва шоирлар, ёш қаламкашлар ижоди жамланган “Озод Ватан саодати” номли беш жилдли мажмуа нашр қилинди, “Ижод” фонди томонидан юртимизнинг турли ҳудудларидаги ёш ижодкорларнинг илк тўпламлари дунё юзини кўрди.
Юртбошимизнинг 2014 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳам ёшлар маънавиятини юксалтириш, миллий адабиётимиз ривожи йўлида самарали меҳнат қилган ижодкорлар хотирасини эъзозлаш, уларнинг асарларини халқимиз, айниқса, ёш авлодга кенг тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.
Давра суҳбатида Ёзувчилар уюшмаси томонидан поёнига етаётган йилда бажарилган ишлар муҳокама этилиб, Бадиий кенгашлар олдида турган муҳим вазифалар хусусида мулоҳазалар билдирилди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn