Маҳалла — маънавият маскани
  • 19 Декабрь 2014

Маҳалла — маънавият маскани

Бугун мамлакатимизда мавжуд 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Айниқса, уларнинг ҳудудларни обод қилиш, янги маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ишга тушириш орқали аҳоли, хусусан, аёллар ва ёшлар бандлигига кўмаклашиш, фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, она-Ватан ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда тинчлик ва осойишталикни таъминлашдаги ўрни ҳамда аҳамияти юқори. Айни чоғда маҳалла маънавият маскани сифатида ўзини ҳар томонлама намоён қилмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда уюштирилган “Маҳалла — маънавият ўчоғи” фототанлови ҳам ана шу мақсадга қаратилганлиги билан диққатга сазовордир. Зеро, ушбу танлов ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларда меҳр-оқибат ҳамда юрт шаънини ардоқлаш каби эзгу фазилатларни шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Тошкент фотосуратлар уйида маънавий ҳаётимизни, миллий урф-одат ва қадриятларимизни асраб-авайлашда маҳалланинг ўрнини фотоэтюд орқали очиб бериш, профессионал ҳамда ҳаваскор фотоижодкорларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган мазкур танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Фототанловда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 30 нафарга яқин фотоижодкорлар 400 га яқин асарлари билан қатнашди. Тақдим этилган асарларда миллий ва маънавий қадриятлар, турли миллат вакилларининг ўзаро аҳил-иноқлиги, яхши қўшничилик, меҳр-оқибат тушунчалари ҳар жиҳатдан очиб берилган.
Профессионал фотоижодкор ва экспертлардан иборат танлов ҳайъати аъзолари ушбу асарларни танлов Низомидаги мезонлар ва адолат тамойилларига асосан баҳоладилар.
— Соғлом бола йили муносабати билан ўтказилган мазкур фототанлов ўсиб келаётган ёшларимиз онгида ватанпарварлик, инсонпарварлик, юртга садоқат, миллий ва маънавий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг ўринбосари Д. Усманов. — Зеро, ундан  маҳаллаларда ташкил этилган “Ота-оналар университетлари” ва жамоатчилик комиссиялари фаолияти, турли миллат ҳамда элатларга хос миллий байрамлар, оила — маҳалла — таълим муассасаси ҳамкорлиги, миллий ўйинлар, маърифий ва спорт тадбирлари ҳақидаги асарлар кенг ўрин эгаллаган.
Якунда ғолиб ва совриндорлар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ҳамда ҳамкорлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қисқа сатрларда Ижод ва масъулият »