Қисқа сатрларда
  • 19 Декабрь 2014

Қисқа сатрларда

* Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат томонидан берилаётган кенг имтиёзлар, ННТларнинг мамлакатни модернизация қилишдаги ролини мустаҳкамлаш, шунингдек, қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши бўйича ўзаро фикр алмашилди.

* Ёшлар ижод саройида “Йилнинг энг фаол ёш журналисти” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказилган танловда 400 дан ортиқ ёш журналист матбуот, радио, телевидение, интернет ва фотожурналистика йўналишларида уч мингга яқин ижодий иши билан қатнашди.

* Пойтахтимизда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида илк бора ўтказилган “Санъат мактаби” телевизион фестивали якунига етди. Унда иштирокчилар “Энг яхши эстрада қўшиғи”, “Энг яхши анъанавий қўшиқ”, “Энг яхши академик хонандалик ижрочилиги”, “Энг яхши мусиқа ижроси”, “Энг яхши рақс” каби бош номинациялар бўйича беллашди.

* Қарши шаҳрида суғориш тизимларини обиҳаёт билан таъминлайдиган янги насос станцияси фойдаланишга топширилди.
8-Қурилаётган корхоналар бирлашган дирекцияси буюртмаси асосида бу ерда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маблағлари ҳисобига 1,4 миллиард сўмлик қурилиш ишлари битказилди. Натижада Қарши магистрал каналидан шаҳар ҳудуди ва 8 та маҳаллани ичимлик суви билан кафолатли таъминлаш имконияти яратилди.

* Наманганда “Оила осойишталигидан — дунё тинчлиги сари” шиори остида бадиий гимнастика фестивали уюштирилди. Тадбирда бадиий гимнастикачи қизлар намойиш этган чиқишлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, тадбир доирасида жорий йилда спортнинг турли йўналишларида мамлакат ва халқаро миқёсда муваффақият қозонган ёш спортчилар муносиб тақдирланди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn