Юксак салоҳиятли кадрлар мамлакатимиз мудофаа қудратини оширишда алоҳида ўрин тутади
  • 18 Декабрь 2014

Юксак салоҳиятли кадрлар мамлакатимиз мудофаа қудратини оширишда алоҳида ўрин тутади

Истиқлол йилларида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ошириш йўлида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли сарҳадларимиз дахлсизлиги, аҳолимизнинг тинч ва осуда ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминланган, юксак қобилият ва тайёргарликка эга миллий армиямиз шаклланди.

Қуролли Кучларимизни ташкил этиш ҳамда бошқаришнинг мутлақо янги тизими вужудга келди. Фахрланса арзийдиган жиҳати шундаки, бугун ҳар бир йигит ҳарбий бўлишни, Ватанимиз осойишталиги йўлидаги ўз бурчини адо этишни истайди.
Бинобарин, миллий армиямизнинг нуфуз ва салоҳият касб этишида бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан замон талабларига жавоб бера оладиган олий ҳарбий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилгани, соҳага малакали кадрлар тайёрлаб бериш тизими тубдан такомиллаштирилаётгани ҳам беқиёс ўрин тутмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, бугун кенг билим ва тафаккурга, юксак профессионал ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал жиҳатдан ривожланган, шиддатли тарзда амалга ошириладиган замонавий жанговар ҳаракатлар шароитида, ўз олдига қўйилган вазифаларни муваффақиятли адо этишга қодир бўлган ҳарбий кадрларни самарали тайёрлаш масаласи ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Ҳозирги вақтда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университети Махсус факультети, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультетини профессионал, назарий ва амалий билимларни пухта эгаллаган юксак салоҳиятли офицер кадрлар битириб чиқмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси ҳам офицерларнинг билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш ҳамда қайта тайёрлаш, қолаверса, ҳарбий соҳадаги илмий-амалий тадқиқот ва ишланмаларни мувофиқлаштириш, мамлакатимизда ҳарбий таълимни ривожлантириш вазифасини шараф билан уддалаб келмоқда.
Умуман, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларида Қуролли Кучларимиз учун 30 га яқин йўналиш бўйича юқори малакали офицер кадрлар тайёрланмоқда. Ҳарбий таълим жараёни энг сўнгги русумдаги ахборот-коммуникация технологиялари, моделлаштириш ҳамда симуляция воситалари, компьютер тренажёрлари билан тўлиқ таъминланган.
Хусусан, кейинги йилларда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг моддий-техник базаси  янада мустаҳкамланди. Бу ерда танк, ҳаво-десант, зенит-ракета қўшинлари тактик қўмондонликлари, терроризмга қарши кураш ва махсус операция кучлари бўлинмалари тактик қўмондонликлари ҳамда танк қўшинлари тактик муҳандислиги каби йўналишлар бўйича ўқишга қабул қилинган курсантларга тажрибали офицерлар, профессор-ўқитувчилар сабоқ бермоқда.
— Таълим даргоҳимиз энг замонавий жиҳозларга, ўқув қуролларига эга, — дейди майор Тоҳир Матмусаев. — Тоғ тайёргарлиги учун махсус йўлак, картинг майдони, отиш ва техник тайёргарлик полигони, стадион, спорт зали, сузиш ҳавзаси курсантлар ихтиёрида. Булар, ўз навбатида, бўлажак офицерларнинг назарий ва амалий билимларни чуқур эгаллаши, уларнинг техник ҳамда тактик шайлигини ошириш, энг муҳими, ҳақиқий ватанпарвар ўғлонлар бўлиб камол топишига хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, олий ҳарбий таълим муассасасида курсант ва ўқитувчи-офицерлар учун замонавий андозаларга мос маиший шароитлар ҳам  яратиб берилган. Ёшларнинг интеллектуал ва жисмоний қобилиятини юксалтирувчи қатор тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Курсантларнинг маънавий дунёқарашини янада кенгайтириш мақсадида музейларга саёҳат, жамоат арбоблари билан учрашувлар уюштириш, интеллектуал ўйинлар ўтказиш ҳам яхши анъанага айланган.
— Бугун Қуролли Кучларимизда хизмат қилиш шунчаки ҳавас эмас, кучли истак, иштиёқ, чексиз ғурур, — дейди курсант Жуманиёз Қўчқоров. — Мен халқимизнинг ана шундай фарзандлари билан бир сафда эканлигимдан фахрланаман. Малакали ҳарбий бўлиш учун астойдил интилаяпман.
...Гуруҳ сардори буйруғи янгради. Саф ростланди. Қадди-бастига ҳарбий либос ярашиб турган йигитларнинг кўзидан ўт чақнайди. Мана шундай мард, жасур фарзандларимизга боқиб, мустақиллигимиз, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти ишончли қўлларда эканига яна бир бор амин бўламиз.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Аждодларга муносиб авлод Қисқа сатрларда »