Аждодларга муносиб авлод
  • 18 Декабрь 2014

Аждодларга муносиб авлод

...Ўшанда 2011 йилнинг одатдаги кунларидан бири эди. Лицей директори хонасидаги сукунатни телефон қўнғироғи бузди. Тўхтамурод Жумаев гўшакни кўтараркан, юраги худди бир нарсани сезган каби “Жавлонжон, бу сенмисан?” дея сўради.

“Ҳа, устоз, бу менман. Ассалому алайкум. Табриклашингиз мумкин. Бронза медали билан тақдирландим”, деган сўзлар янгради нариги томондан.
Олис Голландиядан келган бу хушхабарни эшитиб, муаллимнинг бўғзига нимадир тиқилгандек бўлди. “Ишончимизни оқладинг. Барака топ, ўғлим”, дея олди, холос.
Қаранг, Жавлонжон кечагина кўча чангитиб юрган бола эди. Энди эса у математика фанидан ўтказилган жаҳон олимпиадаси совриндори. Ўттиздан зиёд давлатларнинг энг зукко ўқувчиларини ортда қолдирди. Ақл бовар қилмайди-я! Нуфузли ҳакамлар ҳайъати ўзбекистонлик Жавлонжон  Исомуродовнинг билимига тан берди. Йигитча ҳали лицейни тугатмай турибоқ кўксига “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонини тақди. Лицейдан сўнг олий ўқув юртида таҳсил олиши тайин бўлди.
Сирасини айтганда, Ж. Исомуродовнинг бу муваффақияти Бухоро давлат университетининг Қоракўлдаги 3-академик лицейи ўқувчилари эришган дастлабки ёки охирги ютуқ эмас. Муассаса тарихига назар ташласак, ҳозиргача мазкур даргоҳда сабоқ олган ёшларнинг эллик нафардан зиёди математика, физика, кимё ва биология фанларидан жаҳон олимпиадаларида қатнашиш ҳамда совринли ўринларни эгаллаш бахтига муяссар бўлгани аёнлашади. Эътиборлиси, бу ўқувчиларга дунёнинг ўттиздан зиёд давлатидаги нуфузли олий ўқув юртларида ўқишга кириш ҳуқуқи берилди. Ютуқларга тамал тоши қўйилган давр эса мустақилликнинг дастлабки йилига бориб тақалади.
— Худди ўша йили физика ва математика фанларига ихтисослаштирилган лицей сифатида иш бошлаганмиз, — дея эслайди билим даргоҳи директори, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Тўхтамурод Жумаев. — Илм масканимиз 1999 йилнинг 2 сентябридан бошлаб ихтисослаштирилган мактаб-интернатга айлантирилди. 2010 йилдан бошлаб эса жаҳон олимпиадаси эстафетасини мана шу ўзингиз кўриб турган кўркам ва замонавий академик лицей қабул қилиб олди. Биз, авваламбор мактаб ота-она ва ўқувчига эмас, ўқувчи ва ота-она мактабга интилсагина, ютуққа эришиш мумкинлигини англаб етдик. Ўғил-қизларга ўз устида мустақил ишлашни ўргатдик.
Педагогик жамоанинг ишга ана шундай ёндашуви аста-секин самара бера бошлади. Вилоят ва республика миқёсидаги беллашувлар, кўрик-танловларда муваффақиятли қатнашган ўқувчилар учун халқаро миқёсдаги фан олимпиадалари эшиги очилди. 2000 йилда Жанубий Кореяда бўлиб ўтган шундай ақл-заковат баҳсида билим маскани вакили Умид Раҳмонов илк бор бронза медалини қўлга киритди. Шундан сўнг таълим муассасаси ўқувчилари АҚШ, Индонезия, Япония, Греция, Шотландия, Словения, Испания, Германия сингари давлатларда ташкил этилган жаҳон фан олимпиадаларида совриндорлар қаторидан ўрин олишди. Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлаган бу навқирон авлод вакиллари  айни дамда халқ хўжалигининг турли соҳаларида ишлашаяпти, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга ҳиссаларини қўшишмоқда, нуфузли олий ўқув юртларида ўқишаётир.
— Билим масканимизда республикамизнинг турли вилоятларидан келган иқтидорли ёшлар таҳсил олмоқда, — дейди лицей ўқувчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Нафосат Жўрақулова. — Биласизми, бу ердаги шарт-шароитларни, ўз касбига фидойи устозларни, билимга ташна, зукколик борасида рақобатга шай ўқувчиларни кўриб, дарсларни бўшроқ ўзлаштиргани ҳам хижолат чекасан, киши. Мен шундай лицейда ўқиётганимдан фахрланаман.
Дарвоқе, Бухорода бу каби илғор илм даргоҳлари оз эмас. Мана, Қоракўлга шундоқ қўшни Олот туманини олиб кўринг. Мамлакатимизнинг энг чекка тумани саналган бу масканда туғилиб-ўсган Даврбек Олтибоев шу йилнинг ёзида Жанубий Кореяда математика фани бўйича бўлиб ўтган жаҳон олимпиадасининг жамоавий беллашувларида кумуш медални қўлга киритди. Шахсий биринчиликда эса олти юз нафар қатнашчи орасида тўртинчи ўринни эгаллаб, махсус диплом билан Ўзбекистонга қайтди. Бундан у ўқиётган 31-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати жамоаси бениҳоя хурсанд. Шу билим даргоҳи битирувчиси Даврбек эртага Қоракўлдаги академик лицейда ўқишни давом эттирса, не ажаб?!
— Мен илмни пухта эгаллаганларни чўққиларни забт этган альпинистларга ўхшатаман, — дейди
Тўхтамурод Жумаев. — Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний,  ал-Фарғоний сингари буюк аждодларимизнинг вориси саналган  ёшларимиз эришган  ҳар бир ютуқ  юксак марралар сари қўйилган дадил қадамдир.
Устоз ҳақ. Бугунги кун ёшлари ўз ортларида тоғдек бўлиб турган оталар орзу-армонини рўёбга чиқаришмоқда. Зеро, тоғлар чўққилар билан янада виқорлидир.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn