Эъзоз ва эҳтиром ифодаси
  • 17 Декабрь 2014

Эъзоз ва эҳтиром ифодаси

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори миллий адабиётимиз равнақи ва бу йўлда самарали ижод қилган шоиру ёзувчиларга ҳурмат ҳамда эҳтиром кўрсатиш, уларнинг адабий меросини навқирон авлод қалбига, онгу шуурига сингдиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаяпти.

Бу ҳақда Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган маърифий анжуманда ҳам алоҳида таъкидланди. Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, ноширлар ҳамда ёшлар қатнашган ушбу тадбирда  мамлакатимизда вояга етаётган ўғил-қизларни ҳар томонлама комил инсонлар этиб тарбиялаш, бу борада адабиётимиз сарчашмаларидан кенг фойдаланиш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётгани тилга олинди. Хусусан, халқимизнинг атоқли шоираси, меҳр ва садоқат рамзига айланган Зулфияхонимнинг лирикаси ёшларимизни она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда, уларнинг аждодларимизга муносиб ворис бўлиб шаклланишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда мазкур қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида шоиранинг ҳаёти ҳамда ижодига бағишланган қатор маданий-маърифий тадбирлар амалга оширилаяпти. Хусусан, “Саодат” журнали қошида “Зулфияхоним мактаби” тўгараги ташкил қилиниб, унда шоиранинг маҳорати, жамоат арбоби сифатидаги қирралари ҳақида ёшларга маълумотлар берилаётир. Юртимиз театрларида “Хотирам синиқлари” достони асосида тайёрланган спектакль намойиши давом этмоқда.
Шунингдек, унинг фотоархивидан фойдаланган ҳолда, “Шарқнинг биллур овози” номли фотокўргазма ўтказиш ва шоира тўғрисида батафсил маълумот берувчи веб-сайтни янада бойитиш устида ишлар олиб борилаяпти. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг “Бахтим шул — ўзбекнинг Зулфиясиман” номли шеърий тўпламини нашр этишга киришилди.
Хусусан, мукофотнинг адабиёт йўналиши соҳибаларидан 46 нафарининг шеърлари, насрий асарлари ва адабий таржималари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда нашриётларга етказиб берилди.
— Вафо ва садоқат тимсоли Зулфияхоним издоши, унинг номидаги Давлат мукофоти соҳибаси эканлигимдан ғурурланаман, — дейди Дилрабо Норқулова. —  Тенгдошларим ижоди асосида тайёрланаётган тўпламга менинг ҳам шеърларим киритилаётганидан эса ниҳоятда мамнунман.
Хабарингиз бор, мазкур мукофот фан, таълим, адабиёт, маданият ва санъат, спорт йўналишларида ўз фаолликларини кўрсатиб, тенгдошларига намуна бўлиб келаётган қизларни рағбатлантириш, юксак мақсадлар сари руҳлантиришда қанот бағишлаб келаяпти. Айни пайтда кўплаб ана шундай зукко ва изланувчан ёшларимизнинг ушбу мукофотга сазовор бўлгани, уларнинг олий ўқув юртлари, давлат ва жамоат ташкилотларида самарали фаолият кўрсатиб келаётгани мамлакатимизда ёшлар, хусусан, хотин-қизлар камолоти йўлидаги кенг қамровли ислоҳотларнинг амалдаги ёрқин самарасидир.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn