Ахборот-ресурс маркази очилди
  • 17 Декабрь 2014

Ахборот-ресурс маркази очилди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида замонавий ахборот-ресурс маркази ташкил этилди.

Мазкур марказнинг очилишига бағишлаб ўтказилган анжуманда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Олий суд ҳузуридаги тадқиқот маркази вакиллари, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги билим юртлари тингловчи ва курсантлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Тадбирда эътироф этилганидек, тизимда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун юқори самара бермоқда. Буни жиноят қидирув, терроризмга қарши кураш, тергов, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари замон талабларига мос равишда такомиллаштирилиб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминлаб келинаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Бунда, албатта, тизимга замонавий технологиялар, малакали кадрларни жалб этиш баробарида, халқаро ташкилотлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида бир қатор лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилаяпти.
Шу ҳамкорлик самараси бўлган ахборот-ресурс марказидаги қулайликлар иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди. Жумладан, бу ерда курсантларнинг пухта билим олиши ҳамда келгуси фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Айни чоғда жаҳондаги ёнғинлар ва бошқа табиий офатлар, юртимизда ёнғин хавфсизлиги, шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги зарур маълумотлар ўрин эгаллаган.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn