Ёшлар ва сиёсий фаоллик
  • 16 Декабрь 2014

Ёшлар ва сиёсий фаоллик

Кеча пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзуидаги тарғибот лойиҳаси якунларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, олимлар, ҳуқуқшунослар, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раиси Б. ўаниев ва бошқалар истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ёшларга оид сиёсатнинг асосий мақсади ўсиб келаётган ҳар бир йигит-қизни ўз кучи ва имкониятига таянадиган, атрофда рўй бераётган воқеаларни тўғри баҳолайдиган ҳамда шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан узвий боғлайдиган баркамол шахс этиб тарбиялашга қаратилганини таъкидлади.
Ёшларда сиёсий ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ушбу хайрли мақсадларни амалга оширишда муҳим омилдир. Мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган байрамлар, жумладан, Конституция кунини кенг нишонлашда мазкур йўналишдаги ишлар аҳамияти янада ортади.
Жорий йилда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — мамлакатимиз тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” лойиҳаси кўлами кенгайиб, янги йўналишлар билан бойитилди. Лойиҳа мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараёнларга нисбатан мустақил ва онгли муносабатни шакллантириш, ҳаётга татбиқ этилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳамда Конституция ғояларини ёшларга етказиш, яна саноқли кунлардан кейин давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларда ёш сайловчилар, айниқса, сайловда биринчи марта қатнашадиган йигит-қизларнинг фаоллигини оширишга йўналтирилган.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Тошкент давлат юридик университети ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган махсус тарғибот лойиҳаларида 12 мингдан ортиқ тадбирлар ташкил этилиб, уларда 1,5 миллион нафарга яқин ёшлар қатнашди. Шунингдек, таълим муассасаларида ёшларни сайлов қонунчилиги билан яқиндан таништириш мақсадида “Бугун ўқувчи — эртага сайловчи”, “Сенинг овозинг ҳал қилувчи кучга эга” каби мавзуларда ахборот соатлари, “Мен сайловга тайёрман!” мавзуида деворий газеталар ҳамда “Ёш сайловчилар кунлари” ахборот акциялари қизғин руҳда ўтди.
— “Ватан келажаги сенинг қўлингда!” ва “Мен сайловга тайёрман!” мавзуидаги расмлар танлови ушбу лойиҳа доирасидаги янгиликлардан бири бўлди, — дейди “Камолот” ЁИҲ масъул ходими М. Баёнов. — Унда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Республика рассомлик коллежи, Республика ихтисослаштирилган санъат мактаби ҳамда бир қатор ихтисослаштирилган санъат мактабларининг 400 нафар иқтидорли ўқувчи-ёшлари қатнашиб, тақдирлаш маросими доирасида улар ижодига мансуб 550 га яқин ишларнинг кўргазмаси ташкил этилди.
Тарғибот тадбирлари доирасида жорий йилнинг 5 ноябридан 8 декабрига қадар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг интернетдаги elections2014.kamolot.uz веб-сайти орқали Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда сайлов қонунчилигига доир саволлардан иборат “Мен сайловга тайёрман!” он-лайн тест танлови ташкил этилди. Унда 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган 121 минг нафардан ортиқ ёшлар қатнашди.
Тадбир давомида фаол тарғибот гуруҳи аъзолари ҳамда лойиҳа доирасидаги танловлар совриндорларига ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn