Ўз касбининг моҳир эгалари рағбатлантирилди
  • 16 Декабрь 2014

Ўз касбининг моҳир эгалари рағбатлантирилди

Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ўз касбининг моҳир эгаларини шарафлашга бағишланган тадбирнинг якуний босқичи ниҳоясига етди.

Вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган мазкур тадбирда эътироф этилганидек, мамлакатимизда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат шароити яратиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, барча тармоқларда фаол меҳнат қилаётган ходимларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган “Ўз касбининг моҳир эгалари” тадбири турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатаётган, фидокорона меҳнати билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган, ўз соҳасида юқори натижаларга эришаётган замондошларимизни рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбирнинг қуйи босқичларида жорий йил таълим, фан, маданият, санъат, соғлиқни сақлаш, жамоат хизмати, алоқа, авиация, темир йўл, транспорт, йўл қурилиши, агросаноат, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, нефть-газ, геология, энергетика, кимё, кон-металлургия, машинасозлик каби тармоқларда кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, ўз соҳасида катта тажриба орттирган, ютуқ ва муваффақиятларга эришган етти мингга яқин турли касб эгалари қатнашди.
Якуний босқичда совриндор бўлган қирқ беш нафар — ўз касбининг моҳир эгалари ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
— Ёш авлодни ҳар томонлама билимли, зукко қилиб тарбиялаш масъулиятли вазифа, — дейди ғолиблардан бири, Бухоро давлат университети  қошидаги 3-Қоракўл академик лицейининг математика фани ўқитувчиси Гулнора Жумаева. — Бу ҳар бир ўқитувчидан кўпроқ изланишни, ўз соҳасини мукаммал даражада билишини тақозо этади. Айни чоғда “Инновацион технологияларни математика дарсларида қўллаш” мавзуидаги илмий ишим республика миқёсида оммалаштирилди, юздан ортиқ мураккаб мавзуларни ўқитиш бўйича электрон кўргазмали воситаларни яратдим ва бу амалиётда кенг қўлланилмоқда. Албатта, бу фахр. Бироқ устоз учун шогирдларининг эришаётган муваффақиятларини кўриш янада катта бахт. Ҳозирги кунда  олти нафар шогирдим математика фани бўйича ўтказилган республика, беш нафари эса Жаҳон олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Улар билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қисқа сатрларда Янги йўловчи терминали »