Қисқа сатрларда
  • 16 Декабрь 2014

Қисқа сатрларда

* Наманганда умумтаълим мактабларининг тўққизинчи синф ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Президент асарларини ўрганамиз” кўрик-танловининг вилоят босқичи ниҳоясига етди. Якунда биринчи ўринни эгаллаган Наманган шаҳридаги 58-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шоҳруза Раҳимова танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

* Президентимизнинг шу йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Нукус шаҳрида “Биз келажакка ишонамиз!” шиори остида ёшлар форуми бўлиб ўтди. Унда Оролбўйи минтақасидаги касб-ҳунар коллежлари, лицей ва мактаб ўқувчилари қатнашди.

* Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида ҳайдовчиларга йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини интерактив тарзда ўргатувчи “AvtoTest 2.0” электрон дастури тақдимоти уюштирилди. Ушбу электрон қўлланма 276 соатлик ўқув дастуридан иборат бўлиб, унда икки мингдан ортиқ 3D форматдаги видео-тренинг ва анимациялар жамланган.

* Пойтахтимизда “Ёш авлоднинг маънавий тарбиясида ўзбек миллий либослари анъаналарининг ўрни” мавзуида илмий-амалий конференция ташкил этилди. Анжуманда тўқимачилик саноатида ишлатиладиган тола ва матоларни ишлаб чиқаришда инновациялар масаласи, замонавий мода саноатида ўзбек миллий мато ва либослари тайёрлаш анъаналаридан фойдаланишнинг аҳамияти ҳамда бошқа жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn