Роберт ФУДЕРИЧ: «Ўзбекистонда ёш авлод нафақат мамлакат эртаси, балки энг буюк бойлик ва келажакнинг пойдевори сифатида қадрланади»
  • 13 Декабрь 2014

Роберт ФУДЕРИЧ: «Ўзбекистонда ёш авлод нафақат мамлакат эртаси, балки энг буюк бойлик ва келажакнинг пойдевори сифатида қадрланади»

Ўзбекистон мустақиллик йилларида кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ шулардан биридир. Бу йил мазкур жамғарма ташкил этилганига 68 йил тўлди. Шу муносабат билан мухбиримиз ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Роберт Фудерич билан суҳбатлашди.

— Аввало, ЮНИСЕФни тузишдан кўзланган мақсад ва унинг фаолият йўналиши ҳақида қисқача гапириб берсангиз.
— ЮНИСЕФ 1946 йил 11 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ, урушдан жабр кўрган мамлакатлардаги болаларга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган. Кейинчалик жамғарма ваколатлари бирмунча кенгайди ва унинг фаолияти бутун дунё бўйлаб ривожланаётган давлатларда болалар ҳамда аёллар манфаатларини илгари суриш ва улар ҳаётини яхшилашга қаратилган масалаларни ҳал қилишга йўналтирилди. 1953 йилда ЮНИСЕФ БМТ тизимидаги доимий ташкилот мақомини олди.
Бугунги кунда ЮНИСЕФ 190 дан ортиқ мамлакатларда фаолият олиб бормоқда. Амалга оширилаётган дастурлар ва лойиҳаларда болалар ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, улар саломатлигини муҳофаза қилиш, сифатли таълим олишларига кўмаклашиш, овқатланишни яхшилаш, эмлаш орқали болалар касалликларининг олдини олиш, ОИВ/ОИТСга қарши курашиш каби қатор муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

— Ўзбекистон ва ЮНИСЕФ ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.
— ЮНИСЕФ Ўзбекистонда 1994 йилдан буён иш олиб боради. Ушбу фаолият Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНИСЕФ ўртасида имзоланган Мамлакат ҳамкорлик дастури доирасида амалга оширилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимидаги хизматлар сифатини янада яхшилаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, эмлаш бўйича тадбирларга ёрдам кўрсатиш, инклюзив масалаларга эътибор бериш, ўрта таълим соҳасида илғор тажрибаларни татбиқ этиш, мактабгача таълим қамровини кенгайтиришга қаратилган кўплаб тадбирлар ҳамкорлик дастурининг асосий йўналишларидир.

— Мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза этиш масалаларига қаратилаётган эътибор ҳамда унинг самаралари ҳақида қандай фикрдасиз?
— Ўзбекистонда мамлакат Конституцияси асосида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар фаровонлигини таъминлашнинг ҳуқуқий пойдевори яратилган. 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган бўлса, ана шу санадан бир кун ўтиб, 1992 йил 9 декабрда Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилди. Бу ҳам чуқур рамзий маънога эга.
Жорий йил юртингизда Соғлом бола йили деб эълон қилингани ва шу асосда кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани фарзандлар камолотига беқиёс ғамхўрлик кўрсатилаётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир. Қолаверса, бу йил Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганига 25 йил тўлди. Мана шу икки сабаб туфайли ҳам 2014 йил ЮНИСЕФ учун алоҳида аҳамиятга эга йиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Бундан чорак аср муқаддам, 1989 йилнинг 20 ноябрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилди. Айни пайтда унга 194 мамлакат қўшилган. Юқорида айтиб ўтганимдек, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг қисқа вақт ичида ушбу конвенцияни имзолади, 1994 йилда эса уни ратификация қилди.
Конвенцияни ратификация қилиш орқали иштирокчи давлатлар Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ тегишли миллий қонунларга ўзгартириш киритиш ёки янгиларини қабул қилиш мажбуриятини олади. Иштирокчи мамлакатлар мазкур конвенцияда қайд этилганидек, бола манфаатларини таъминлашга оид чора-тадбирларни амалга ошириши лозим.
Ушбу вазифани ҳаётга татбиқ этишда нафақат ҳукумат, балки жамиятнинг барча аъзолари қатнашади. Бинобарин, конвенцияда ўз аксини топган тамойиллар болалар камолоти учун хизмат қиладиган оила, мактаб ва бошқа институтлар томонидан бажарилганида ўз самарасини беради.
2014 йил Соғлом бола йили деб номлангани Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга оширишга содиқ эканининг яна бир ёрқин исботидир. ЮНИСЕФ “Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга оширишда фаол иштирок этди.
Биз Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу амалий ишлар тизим самарадорлигини ошириш, мавжуд стандартларни сўнгги халқаро тавсияларга асосланган ҳолда қайта кўриб чиқиш ҳамда татбиқ этишни ўз ичига олади. Шу боис тиббиёт ходимлари салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2014 йилда соғлиқни сақлаш соҳасида саккиз мингдан зиёд мутахассис гўдакларни парваришлаш ва ҳаётини сақлаб қолиш борасида ўз малакасини оширди. Бу эса соғлиқни сақлашнинг турли даражаларида энг сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлайди.
ЮНИСЕФ болаларни режали эмлаш тадбирларини доимий равишда ўтказиш ва янги вакциналарни жорий этиш борасида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Хусусан, жорий йилда миллий эмлаш календарига ротавирус вакцинаси киритилди. Мамлакатда эмлаш дастурини бажариш ва уни молиялаштириш борасида улкан саъй-ҳаракатлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Масалан, вакциналарни сотиб олишга ажратилган маблағнинг қарийб 90 фоизи давлат бюджетидан қопланди. Бундай қамровни дунёнинг саноқли мамлакатларидагина кўриш мумкин.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида мактабгача таълим муассасаларида мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болаларнинг қисқа вақт бўладиган 1220 та гуруҳини ташкил этиш кўзда тутилган эди. ЮНИСЕФ олти вилоятда 620 та ана шундай гуруҳ фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашди. Бу борада мактабгача таълим муассасалари учун “Билимдон” янги ўқув дастурини ишлаб чиқиш, мазкур дастур бўйича таҳсил бериш учун барча ҳудудлардан мутахассис-тренерлар етиштириш, мактабга тайёрлаш гуруҳлари ўқитувчилари малакасини ошириш, болаларни мактабга тайёрлаш муҳимлиги борасида ота-оналар билан ишлаш мақсадида жамоат маслаҳатчилари учун ўқув модулини яхшилаш, мактабга тайёрлаш гуруҳларини ўқув материаллари ва китоблар билан таъминлаш, шунингдек, мактабгача таълим стандартларини жорий этишга эришилди.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ўтказилган “Бола учун ижтимоий шериклик: миллий ва хорижий тажриба” мавзуидаги халқаро форумда ЮНИСЕФ ҳам иштирок этди. Бу тадбирга давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик орқали болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш борасида ўзининг илғор тажрибаси билан ўртоқлашиши учун халқаро экспертларни таклиф қилдик. Улар болаликни муҳофазалаш бўйича орттирилган тажрибалар, бу соҳадаги тадқиқотлар натижаларини тақдим этдилар.
Ўзбекистонда ёш авлод нафақат мамлакат эртаси, балки энг буюк бойлик ва келажакнинг пойдевори сифатида қадрланади. 2014 йилни ижобий натижалар билан якунлар эканмиз, Ўзбекистондаги болалар бахт-саодати йўлида бундан кейин ҳам ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришга умид қиламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, гўзал Ўзбекистон халқини мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллиги билан муборакбод этаман. Кириб келаётган Янги йилда ҳам юртингизда тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлишига тилакдошман.

Шавкат ОРТИҚОВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn