Иқтидорли, шижоатли, ташаббускор ёшлар пойтахтимизда «Биз келажакка ишонамиз» шиори остида бўлиб ўтган форумда иштирок этдилар
  • 13 Декабрь 2014

Иқтидорли, шижоатли, ташаббускор ёшлар пойтахтимизда «Биз келажакка ишонамиз» шиори остида бўлиб ўтган форумда иштирок этдилар

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида уюштирилган мазкур форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда навқирон авлод вакилларининг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидладилар.

Дарҳақиқат, истиқлолимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб ёшларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай камол топишлари, замонавий илм-фан сирларини пухта ўрганишлари, иқтидорини кенг миқёсда намойиш қилишларини қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлиб келмоқда. Бугунги кунда илм-фан, санъат, спорт ва бошқа қатор соҳаларда ўғил-қизлар эришаётган марралар мутахассислар, халқаро экспертлар томонидан эътироф этилаяпти.
Бундан ташқари, касб-ҳунар коллежларида бир нечта ҳунарни эгаллаб, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, шунингдек, иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаол иштирок этиб келаётган йигит-қизларнинг изланишлари таҳсинга сазовор.
— Ҳозирги шитоб билан ўзгариб бораётган замон ёшларимизнинг қалби ва онгини турли зарарли ғоялардан асрашни ҳам талаб қилмоқда, — дейди Республика Маънавият тарғибот маркази ходими Акмал Алимов. — Шу маънода, таълим муассасаларида, маҳаллалар ҳамда маданий-маърифий марказларда мавзуга оид учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилаяпти. “Биз келажакка ишонамиз” республика ёшлар форумидан кўзланган асосий мақсад ҳам келажагимиз эгаларининг маънавиятини юксалтириш, ижтимоий фаоллигини ошириш, жамиятда муносиб ўрнини топишларига кўмаклашишдан иборат. Айтиш лозимки, юртимиз бўйлаб ўтказилаётган ушбу тадбирда фаол қатнашган ёшлар сони уч минг нафардан ортди.
Маънавият тарғибот маркази ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган форум доирасида ёшлар бир неча йўналишлар бўйича “Маҳорат дарслари”да қатнашиб, зарур маълумотларга эга бўлишди. Маданият ва санъат намояндалари, спорт усталари билан учрашдилар, “Виртуал хавф” номли ҳужжатли фильмни томоша қилишди. Шунингдек, улар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасидаги шарт-шароитлар, ёш китобхонлар учун яратилаётган қулайликлар билан танишишди.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn