Амалий саъй-ҳаракатлар хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини оширмоқда
  • 13 Декабрь 2014

Амалий саъй-ҳаракатлар хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини оширмоқда

Пойтахтимизда одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини оширишда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, ННТ вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталарининг котибият мудиралари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Семинарда таъкидланганидек, бугун дунё миқёсида глобал муаммога айланиб улгурган трансмиллий жиноятчилик — одам савдосига қарши юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, Президентимизнинг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.  
Албатта, мазкур жараёнда Хотин-қизлар қўмитаси томонидан олиб борилаётган ишлар, жумладан, унинг давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги самарали бўлмоқда. Чунончи, қўмита ва ҳамкорлар томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларни одам савдосидан огоҳ этиш борасида жорий йилнинг ўтган даврида 137 мингга яқин тарғибот тадбирлари ўтказилди. Ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари томонидан эса одам савдосидан жабрланган 202 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди, 700 нафардан зиёдига ижтимоий, ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдамлар кўрсатилди, 124 нафари касб-ҳунарга ўргатилди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлашга оид кўрилган комплекс чора-тадбирлар самараси ўлароқ ҳудудлардаги ўқув марказлари томонидан 6 минг 200 нафардан зиёд қизлар турли йўналишдаги касбларга бепул ўқитилди.
Тадбирда одам савдоси билан боғлиқ ҳолатларга барҳам бериш, жойларда шу мақсадга қаратилган тарғибот ишларини янада кучайтириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари юзасидан тавсиялар берилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn