Эркин фаолият самараси
  • 11 Декабрь 2014

Эркин фаолият самараси

Иқтисодиётимизни демократлаштириш ва эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Зеро, Президентимиз Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида алоҳида таъкидлаганидек, ўтган йиллар давомида хусусий мулк ва инвестициялар дахлсизлигини ҳимоя қилишга йўналтирилган ишончли меъёрий-ҳуқуқий асослар яратиш, хусусий мулкдорлар учун зарур шароит ва кафолатлар тизимини таъминлаб бериш бўйича бир қатор ишлар қилинди.
Дарҳақиқат, бунга ҳар қадамда гувоҳ бўлмоқдамиз. Биргина тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган статистика, солиқ ва молиявий ҳисоботларнинг шакли ҳамда даврийлиги 1,5-2 марта камайтирилгани кўплаб қулайликларни вужудга келтирди. Шу каби янгиликлар, ўз навбатида, бизнинг кўп тармоқли корхонамизда ҳам истиқболли лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилишида қўл келаяпти.
Гап шундаки, бугунги кунда аҳолига умумий овқатланиш шохобчалари орқали хизмат кўрсатиш билан чегараланиб қолганимиз йўқ. Қандолатчилик, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини ишга тушириб, эл дастурхонига турли ноз-неъматларни етказиб бераяпмиз. Уларнинг юқори сифатли, арзон нархда экани боис талаб ҳам шунга яраша кун сайин ошиб бораяпти.
Поёнига етаётган Соғлом бола йили жамоамиз учун, айниқса, омадли келди. Яъни корхонамиз фаолиятини кенгайтириб, сиғими 2 минг тонналик замонавий совутқичли омборхонани ишга туширдик. Бунда, албатта, банкнинг 2 миллиард 277 миллион 800 минг сўмлик молиявий кўмаги қўл келди.
Айни пайтда энг сўнгги русумдаги технологик ускуналар билан жиҳозланган омборхонамиз тўла қувват билан ишламоқда. Унинг камераларида 200 тонна узум, 20 тонна цитрус мевалар, шунча беҳи, 50 тонна хурмо, 80 тонна ошқовоқ, 100 тоннадан пиёз ва картошка, 150 тонна сабзи сархил ҳолатда сақланмоқда. Мева-сабзавотларни батартиб ҳамда сифатли жойлаштириш мақсадида улар дастлаб сараланади. Бу ишлар шу йили касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 40 нафар ёшлар томонидан кўнгилдагидек бажарилгани диққатга сазовордир.
Жамғарилган боғ ва дала неъматларининг тенг ярми юртимиз аҳолисига қиш ва кўклам мавсумида арзон нархларда тақдим этилса, қолган қисми экспорт қилинади. Шу мақсадда яқинда хорижда бўлиб ўтган нуфузли халқаро ярмаркада қатнашиб, 10 га яқин шартномалар тузишга муваффақ бўлдик.
Келгуси йилга мўлжалланган режаларимиз ҳам бисёр. Хусусан, қўшимча тармоқлардан олинаётган фойда ҳисобига 60 ўринли меҳмонхона қуриш ҳамда кемпинг хизмати кўрсатишни йўлга қўйиш ниятидамиз. Шу ниятда бунёдкорлик ишларини ҳозирданоқ бошлаб юбордик.
Мақсадимиз, эл-юрт фаровонлигига ҳисса қўшиш, эзгу ишларга камарбаста бўлишдир.

Абдуғаффор АҲМЕДОВ,
Сариосиё туманидаги «Хонжиза савдо сервис»
масъулияти чекланган жамияти раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қисқа сатрларда «Очиқ эшиклар куни» »