Имконият янада кенгайди
  • 11 Декабрь 2014

Имконият янада кенгайди

Наманган вилояти ахборот-кутубхона марказида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилгач, у бутунлай янгича қиёфа касб этди. Шу билан бирга, марказ қўшимча ахборот технологиялари билан ҳам таъминланди.

Қурувчилар бу ерда 200 миллион сўмликдан ортиқ бунёдкорлик ишларини бажардилар. Таъмирлаш чоғида китоблар сақлаш бўлими, ўқув зали ва ёшлар билан ишлаш сектори хоналари замонавий усулда пардоздан чиқарилди. Бундан ташқари, марказга электрон техник жиҳозларнинг навбатдаги туркуми келтирилди. Улар  сўнгги русумдаги компьютер жамламаси, рангли сканер, муқовалаш ҳамда қоғоз қирқиш ускуналаридан иборат бўлиб, электрон адабиётлар сонини янада кўпайтириш, масофадан туриб ўқитиш имкониятларини кенгайтиради.
— Ҳозирги кунда марказимиз 23 минг нусхадан зиёд китоб фондига ҳамда 500 номдан кўпроқ электрон адабиётлар тўпламига эга, — дейди муассаса директори ўринбосари Венера Лентовская. — Улардан 19 минг нафардан зиёд китобхон унумли фойдаланмоқда. Бунёдкорлик ишларидан сўнг шарт-шароит янада яхшиланди ва бу, ўз навбатида, китобхонларимиз сонининг ортишига хизмат қилмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn