Ғуруримиз, фахру ифтихоримизнинг буюк мадҳи
  • 10 Декабрь 2014

Ғуруримиз, фахру ифтихоримизнинг буюк мадҳи

Ватан! Бу қутлуғ калом тилга олинганда вужудимизда ажиб энтикиш уйғонади. Юракни аллаловчи оҳанг қулоғимизга чалингандек бўлади.

Кўз ўнгимиздан туғилиб ўсган қадрдон гўшамиз-у, дўст-қадрдонлар сиймоси бир-бир ўтади. Ҳар лаҳза, ҳар сонияда онгу шууримизда шуълаланиб турувчи бу туйғунинг номи Ватанга муҳаббатдир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясида ана шу туйғулар юксак тарзда тараннум этилган.
Сeрқуёш ҳур ўлкам, элга баxт, нажoт,
Сeн ўзинг дўстларга йўлдoш, мeҳрибoн!
Яшнагай тoабад илму фан, ижoд,
Шуҳратинг пoрласин тoки бoр жаҳoн!
Ушбу сатрлар билан бошланувчи мадҳиямизда халқимизнинг бугунгидек дориламон кунларни орзу қилгани, эл осойишталигини ўзининг оромидек азиз билган ватанпарварлар матонати акс этган. Мамлакат тараққиётини ўйлаган, унинг дастурхонини тўкин, турмушининг фаровон бўлишини таъминлаганларга шу муқаддас заминда яшаб ўтган улуғ аждодларнинг пок руҳлари мададкор бўлиши ифодаланган:
Oлтин бу вoдийлар — жoн Ўзбeкистoн,
Аждoдлар мардoна руҳи сeнга ёр!
Улуғ xалқ қудрати жўш урган замoн,
Oламни маҳлиё айлаган диёр!
Кексаларимиз дуога қўл очганда, энг аввало, тинчлик-хотиржамликни тилайдилар. Зотан, эл-юртнинг осойишталиги, омонлиги ҳар нарсадан улуғ. Бу улуғликни қадрлаш эса ҳар бир ватанпарвар инсоннинг бурчига айланмоғи лозим. Ватанпарварлик нафақат ўз юртингни бало-қазолардан асраш, балки унинг тараққиёти учун курашиш ҳам демакдир.
Умуман, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, бошимиз узра муаззам байроғимиз ҳилпираганда, қалбимизнинг туб-тубида ғурур пайдо бўлади, ҳурмат-эътибор кучаяди, фахр-ифтихор ҳисси жўш уради. Зеро, Давлат рамзлари ватанпарварлик фазилатини шакллантирувчи, жонажон юртни дилдан севишга чорловчи муҳим воситадир.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, азалий орзу-истакларимиз, эзгу интилишларимиз давлатимиз рамзларида ўзининг ёрқин ифодасини топди. Чунончи, Ватанимиз мадҳияси, том маънода, биз учун улуғвор ва муқаддасдир.
1992 йил 10 декабрь. Ушбу сана тарихга мустақиллигимизни мустаҳкамлаш даврининг муҳим воқелиги содир бўлган кун сифатида кирди. Негаки, мазкур кунда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи Қонун қабул қилинди.
Мадҳиямиз мамлакат мустақиллиги, халқ озодлиги, давлатнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, фаровон жамият қурилиши йўлида фидокорона меҳнатни тараннум этадиган истиқлол рамзидир. Шу боис қутлуғ таронанинг ҳар бир сатри қалбимизни ҳаяжонлантиради, дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигимизни бот-бот ёдга солиб туради...
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мустақилликка бўлган садоқатни тарғиб қилади. Унинг матни фуқароларимизни мустақил давлат қуриш йўлида матонат ва жасоратга, фидойилик ва ташаббускорликка ундайди, миллий ғурурни уйғотади. Мадҳиямиз байрамлар, сиёсий тадбирлар, спорт анжуманлари, расмий давлат қабуллари, турли давлат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш маросимлари ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда ижро этилиб, давлат суверенитетига ҳурматни расмий мусиқа ҳамда матн билан ифодалайди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямиз жаҳон узра мустақил Ўзбекистоннинг овози сифатида янграб келмоқда.
Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассамлаштирган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлаганида, севинчдан ҳаяжонга тушамиз. Бундай лаҳзаларда халқ ва Ватан улуғланган қўшиқ инсонлар қалбига юксак ва беғубор туйғуларни жо этишига амин бўламиз:
Бағрикенг ўзбекнинг ўчмас иймони,
Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!
Истиқлол машъали, тинчлик посбони,
Ҳақсевар она-юрт, мангу бўл обод!
Шукрки, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, тотувлик ҳамда иноқлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сураётир. Ватанимизнинг куч-қудрати, салоҳияти, обрў-эътибори ҳам тобора юксалаяпти. Энг муҳими, озод юртимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган фарзандлари келажакка қатъий ишонч билан юксак марралар сари дадил одимламоқда. Бу борада озод ва обод Ватанимизнинг мангуликка дахлдор мадҳияси қалбларни тўлқинлантириб, асрлар оша янграйверади.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn