АКТ ва замонавий хизматлар
  • 13 Февраль 2014

АКТ ва замонавий хизматлар

Бугунги глобаллашув даври барча соҳа, айниқса, ахборот-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, уни замон талаблари даражасида такомиллаштириб боришни тақозо этмоқда.

Президентимиз мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган
Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида ҳам бу борадаги ишларга алоҳида тўхталдилар.
Ҳозирги кунда Оролбўйи минтақаси аҳолиси ҳам турли компаниялар томонидан кўрсатилаётган шундай замонавий алоқа хизматлари, хусусан, телефон, телеграф, интернет, IPTV имкониятларидан баҳраманд бўлаётир. Бунда кейинги йилларда ҳудудда телекоммуникация тармоқларини модернизациялаш ва кенгайтириш доирасида янги NGN технологияси асосида Нукус шаҳрида учта, Нукус тумани телекоммуникация тармоғида бир дона, жами 4864 рақамли “MSAN” ускуналари ишга туширилгани, айниқса, қўл келди. Бинобарин, ўтган даврда Нукус шаҳри аҳолисига IP-телевидение, юқори тезликдаги интернет хизматлари кўрсатиш мақсадида кўп қаватли уйларга 8 километрлик оптик толали алоқа кабеллари ётқизилди. Пировардида замонавий рақамли тизимга маълумотлар узатиш, сифатли алоқа тармоғи, телевидение ва интернетдан фойдаланишда бир қатор қулайликлар яратилди.
Бундан ташқари, мамлакатимизда биринчилар қаторида Шуманай, Қўнғирот, Мўйноқ телефон станциялари ҳамда Жаслиқ, Жанубий Устюрт, Қорақалпоғистон шаҳарчаларида “MPEG-2/4” рақамли декодерлар ишга туширилди. Натижада мазкур ҳудудларда яшовчи аҳоли юртимиз миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телерадиоканаллар дастурларини юқори сифатда томоша қилиш ҳамда тинглаш имкониятига эга бўлди. “Нукус — Қўнғирот — Бейнов” халқаро магистраль оптик алоқа кабель тармоқларини захиралаш мақсадида Мўйноқ тумани ва Жанубий Устюрт шаҳарчаси оралиғида 82,4 километрлик, Қозонкетган шаҳарчаси ва Қўнғирот тумани оралиғида эса 58 километрлик оптик толали алоқа тармоқлари ишга туширилди.
Ҳозирги кунда “UZDIGITAL TV” компанияси томонидан мижозларга 3 пакет дастурлари тақдим этилмоқда. Биринчи пакетга 12 телеканал киритилган бўлиб, улар бепул узатилаяпти. Ўтган йилнинг май ойидан бошлаб мазкур пакетга “Қорақалпоғистон” маҳаллий телеканали ҳам қўшилди.
Дарҳақиқат, бугун ҳеч бир соҳани ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Таъбир жоиз бўлса, у ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Шу боис барча жойларда бўлгани каби Оролбўйида ҳам маҳаллий ҳокимликлар, ташкилот ва корхоналарда электрон ҳужжат айланиш тизимини ташкил этиш мақсадида “Е-XAT” ҳимояланган электрон почталари ва “E-HUJJAT” электрон ҳужжат айланиш тизимлари жорий этилди.
Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасидаги барча шаҳар ва туман ҳокимликларининг расмий веб-сайтлари, шунингдек, edu.rk.uz доменида жойлашган барча мактаб ва касб-ҳунар коллежларининг портали ишламоқда. У орқали ўқувчиларнинг ота-оналари  фарзандлари давомати, дарсларни ўзлаштириш даражаси ва бошқа маълумотларни интернет ҳамда SMS-хабарнома орқали олишлари мумкин.
Шубҳасиз, ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши соҳани юқори малакали мутахассислар билан таъминлашга бевосита боғлиқ. Бу борада Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали фаолияти катта аҳамиятга эга. Айни пайтда филиалда 515 нафар талаба 4 йўналиш, 36 магистрант эса бир йўналиш бўйича таҳсил олмоқда. Дарслар самарадорлигини таъминлаш учун  барча шарт-шароит яратилган. Илм даргоҳида ўқув ва илмий лабораториялар, 2 та мультимедиа, 5 та компьютер синфи мавжуд. Филиалдаги барча компьютерлар локал ҳамда интернет тармоғига уланган. 2012/2013 ўқув йилида “Ўзбектелеком” АК лойиҳаси бўйича талабалар кредит асосида 200 та “Acer” замонавий “нетбук”лари билан таъминланди. Улардан самарали фойдаланиш учун филиал корпусларида Wi-Fi симсиз тармоғи ташкил этилди.
Қисқача айтганда, юртимизда ахборот технологияларини ривожлантириш, соҳани ижтимоий ҳаётимизга янада кенгроқ татбиқ этиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқдаки, бу, ҳеч шубҳасиз, техника асри, деб аталаётган бугунги ва эртанги кунда мамлакатимизнинг энг тараққий этган давлатлар қаторидан ўрин олишини таъминлайди.

Курмангали КОЛАНОВ,
Ўзбекистон алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қисқа сатрларда Академик Остон Жалилов »