Фидокорона меҳнатнинг муносиб эътирофи
  • 06 Декабрь 2014

Фидокорона меҳнатнинг муносиб эътирофи

Мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами арафасида Президентимиз Ислом Каримов фармонларига мувофиқ мамлакатимиз тараққиёти, ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фидойи ва ташаббускор юртдошларимиз Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланганди. Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллиги арафасида мазкур мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирга шаҳар фаоллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ижтимоий-иқтисодий соҳалар, маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари таклиф этилди.
Тошкент шаҳрининг сиёсий-ижтимоий, маънавий ҳаётимиздаги, давлат бошқаруви, иқтисодиётимиздаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Ватанимиз тарихига «Соғлом бола йили» сифатида муҳрланаётган 2014 йилда пойтахтимизда халқимизнинг ҳаёт сифатини янада ошириш, ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан баркамол, теран тафаккурли инсонлар этиб вояга етказиш йўлида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида Тошкентнинг тарихий қиёфаси ҳамда замон руҳи инобатга олинган ҳолда Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида янги йўллар барпо этилиб, мавжудлари янада кенгайтирилди. Абдулла Қодирий ва Лабзак кўчалари кесишган чорраҳада замонавий кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилгани транспорт қатновида, аҳоли учун қулайлик яратиш, шаҳар ҳавосининг экологик мусаффолигини сақлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Кўплаб ижтимоий объектлар, оилавий поликлиникалар, савдо мажмуалари бунёд этилиб, майдонлар, боғлар ободонлаштирилди.
Тошкентда шахмат бўйича ихтисослаштирилган республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби барпо этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг янги, муҳташам биноси мамлакатимизни модернизациялаш, фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришдек эзгу мақсадлар йўлида юксак билим ва салоҳиятли, ислоҳотларни амалга оширишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишдаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнати билан саноат, транспорт, алоқа ҳамда қурилиш соҳаларини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимизга юксак мукофотлар тантанали тарзда топширилди.
— Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган оқилона сиёсат халқимиз фаровонлигини юксалтириш, юртимизнинг барча гўшаларини янада обод этиш, фарзандларимизни ҳар жиҳатдан комил инсонлар этиб тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда, — дейди Юнусобод туманидаги 51-оилавий поликлиника офтальмологи, «Шуҳрат» медали соҳибаси Зулфия Обидова. — Шу табаррук Ватан равнақига ҳисса қўшиш, унинг тинчлиги, ободлиги йўлида меҳнат қилиш барчамизнинг чин инсоний, фуқаролик бурчимиздир.
Мукофотларни Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев топширди.

* * *

Халқимиз маънавиятини юксалтириш, миллий анъаналаримизнинг бардавомлигини таъминлаш, навқирон авлодни она-Ватанга муҳаббат, қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшлар онгу шуурини миллий ҳаёт тарзимизга ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш маънавий-маърифий соҳалардаги ислоҳотларнинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади.
Мамлакатимизда ижодкор зиёлилар, ҳаётини илм-фанга бағишлаган олимлар, маданият ва санъат намояндалари, жонкуяр мураббийлар, спортчиларнинг машаққатли меҳнатини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, янгидан-янги зафарлар сари руҳлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши замирида ҳам айни мақсадлар мужассамдир. 
Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлиб ўтган тантанали тадбирга ёзувчи ва шоирлар, олимлар, режиссёрлар, актёрлар, мусаввирлар, санъаткорлар, журналистлар, жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.
Тадбирда миллий маданият ва санъатимиз, оммавий ахборот воситалари ривожи давлатимизнинг доимий эътиборида экани алоҳида таъкидланди. Юртимизда жаҳон андозалари даражасидаги санъат саройлари, маърифат масканлари, театрлар, кўргазма заллари, болалар ижодиёти учун кўркам бинолар барпо этилаётгани, мамлакат ва халқаро миқёсда турли фестиваллар, кўрик-танловлар муваффақиятли ўтказилаётгани бунинг далилидир. «Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида бу борадаги ибратли ишлар янада кўпайди.  
— Президентимизнинг театрларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимлари меҳнатини қўллаб-қувватлашга қаратаётган доимий эътиборини ўз фаолиятимиз, кундалик ижодимизда ҳис этмоқдамиз, — дейди Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова. — Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан театримизнинг 100 йиллик тўйи кенг нишонлангани, театр биноси капитал таъмирланиб, янада кўркам қиёфа касб этгани биз — ижодкорларга улкан совға бўлди. Бу санъат аҳлини ёшлар тарбияси йўлида масъулиятни доимо ҳис этишга, янада фидойилик билан меҳнат қилишга даъват этади.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар ҳалол ва фидокорона меҳнатни эъзозлаш борасида кўрсатаётган юксак эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов топширди.
Бундай тантанали тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар, вазирлик ва идоралар, ташкилотларда бўлиб ўтди.

(ЎзА).

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn