Ишонч ва эътибор намунаси
  • 06 Декабрь 2014

Ишонч ва эътибор намунаси

“Туркистон” саройида мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёшларга “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони топширилди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши томонидан ўтказилган ушбу маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳаракатнинг етакчилари ҳамда фаоллари, ўқитувчилар, талабалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Тадбир иштирокчилари Мустақиллик майдонида бўлиб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ҳамда эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.
Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ёшларимизнинг ҳар томонлама замонавий билим олишлари, зарур касб-ҳунар эгаллашлари ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилган. Ана шундай юксак эътибор туфайли Истиқлол фарзандлари турли соҳаларда билим ва иқтидорини, азму шижоати ҳамда фидойилигини кўрсатиб келаяпти. Айниқса, улар томонидан илгари сурилаётган лойиҳалар, ишланмалар ҳамда илмий изланишлар мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда. Шунингдек, навқирон авлоднинг таълим ва тадбиркорлик, спорт ҳамда бошқа соҳаларда қўлга киритаётган улкан ютуқ ва марралари халқимиз салоҳиятини халқаро доираларда кенг намойиш қилиш, юртимиз обрў-эътиборини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси бундай эзгу саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтарди.
“Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони Президентимизнинг 2003 йил 4 августдаги Фармонига биноан, юксак ватанпарварлик, фидойилик ва меҳнатсеварлик фазилатлари билан мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида алоҳида намуна кўрсатиб келаётган ёшларга топширилиб келинади. Бу эса Ватанга муносиб фарзанд бўлишни, юрт корига ярашни муқаддас бурч, деб билган ёшларимизга кўрсатилаётган улкан ишончнинг яна бир яққол ифодасидир.
Жорий йилда илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, санъат, журналистика, спорт, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес, ҳуқуқ ва ҳарбий соҳаларда ўқиётган, ишлаётган ҳамда илмий-ижодий фаолият билан шуғулланиб, юксак натижаларга эришаётган 28 нафар йигит-қиз “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонига сазовор бўлди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар юртимизда ёшлар камолотига кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
— Бизнинг чуқур билим олишимиз, иқтидоримизни шакллантиришимиз учун катта имконият мавжуд, — дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети магистранти Гўзалхон Эргашева. — Ана шу юксак эъзоз ва эътибор туфайли тенгдошларимиз қатор муваффақиятларни қўлга киритмоқда. Мен ҳам шундай шижоатли тенгдошларим қаторида “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳибаси бўлдим. Албатта, бундай юксак эътироф бизни янада фаол бўлишга ундайди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов иштирок этди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn