«Ўзбекистон Конституцияси — дунёдаги энг мукаммал ҳужжатлардан бири»
  • 05 Декабрь 2014

«Ўзбекистон Конституцияси — дунёдаги энг мукаммал ҳужжатлардан бири»

Мамлакатимиз Асосий Қонуни қабул қилинганлигининг 22 йиллиги арафасида Ҳиндистоннинг таниқли илмий-академик ва ижтимоий-сиёсий доиралари вакиллари ҳам Ўзбекистонда истиқлол йилларида эришилган муваффақиятлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

Нирмала ЖОШИ,
“Ҳиндистон — Марказий Осиё” тадқиқот жамғармаси директори, профессор:
— Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси умуминсоний қадриятлар улуғланганлиги, инсонлар ўртасидаги тенг ҳуқуқлилик, ижтимоий ҳимоя кафолати сингари кўп жиҳатлари билан дунёдаги энг мукаммал ҳужжатлардан бири ҳисобланади.
Тараққиётнинг “ўзбек модели”га асос бўлган машҳур беш тамойилнинг ишлаб чиқилиши, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида босқичма-босқич ва узлуксиз олиб борилган ислоҳотлар, яратилган мустаҳкам қонунчилик асослари, хусусан, мамлакатни янада тараққий эттириш мақсадида қабул қилинган давлат дастурлари бугун ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Ўзбекистон қисқа давр ичида асрларга татигулик муваффақиятларни қўлга киритди.
Айни пайтда одамларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгини юксалтиришга хизмат қиладиган парламент ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг илғор намуналарини шакллантириш, бунинг учун эса пухта ўйланган, халқ менталитети ва қадриятларини эъзозловчи қонунчилик базасини яратиш иши Ўзбекистонда босқичма-босқич, аниқ режага таянилган ҳолда амалга оширилди.
Мамлакат фуқаролари ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлигининг ўсиб бориши, жамият аъзоларининг ўз хоҳиш-иродаларини ифода этиш майдонларини кенгайтириш, бу борада сиёсий партияларнинг ролини ошириш Ўзбекистонда икки палатали парламент тизимига ўтилишига хизмат қилди.
Ўзбекистон айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловлар ўтказиш арафасида турибди. Табиийки, бугунги сайловчи илгаригиларидан ўзининг ҳуқуқий билими ҳамда ахборотга бойлиги, шунингдек, етарли даражадаги сиёсий тажрибаси билан ажралиб туради. Қолаверса, мамлакатда эркин фаолият юритиб келаётган сиёсий партиялар жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун етарли даражада танлаш имкониятини яратади.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Асосий Қонунининг 22 йиллиги нишонланадиган ҳамда қизғин сайловолди жараёни кечаётган шу кунларда дўст ўзбек халқига омад ва зафарлар ёр бўлишини тилайман.

Чаранжит СИНГХ,
Жавоҳарлаъл Неру номидаги университетнинг Тил маркази профессори:
— Ўзбекистон мустақил тараққиёт йиллари мобайнида барча соҳада изчил ва босқичма-босқич ислоҳотлар йўлини босиб ўтди. Мамлакат ҳаётини ва турли ижтимоий қатламларнинг манфаатларини ўзида мужассамлаштирган Конституция асосида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, меъёрий-ҳуқуқий шарт-шароитлар шакллантирилди.
Бугун Ўзбекистонда фаолият йўналишлари мамлакат Асосий Қонунида қатъий муҳрлаб қўйилган қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти мустақил равишда иш олиб бормоқда. Шунингдек, Олий Мажлис икки палата — Сенат ва кўп партиявийлик тизимига асосланган, сайловлар натижасида шаклланган Қонунчилик палатасидан ташкил топган.
Президент Ислом Каримов томонидан 2010 йилда мамлакат Олий Мажлиси палаталари қўшма мажлисида илгари сурилган Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси мамлакатда тараққиётнинг янги босқичларига ўтиш учун ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий-демократик шарт-шароит вужудга келганини англатади.
Ушбу кенг қамровли дастурий ҳужжат Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча соҳасида янги ўзгаришларга кенг йўл очиб берди. Концепция асосида ишлаб чиқилиши ва амалиётга киритилиши кўзда тутилган қонунлар ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар эса мамлакатда фаолият юритаётган сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар ва бошқа жамоат бирлашмаларининг давлат ҳамда жамият қурилишидаги иштироки янада кенгайишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

«Жаҳон» АА.
Деҳли

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn