Ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларининг таъминланиши
  • 05 Декабрь 2014

Ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларининг таъминланиши

фуқароларнинг турмуш даражасини оширишда муҳим омил бўлмоқда

Маълумки, кучли ижтимоий ҳимоя миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб, жамиятда ижтимоий адолатнинг барқарорлиги, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошиб бориши, қисқача айтганда, ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, истиқлол йилларида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш механизми шакллантирилиб, изчиллик билан такомиллаштирилиб борилаётир.
Конституциямизда кафолатланган ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ва адолатли меҳнат шароитларида ишлаш билан боғлиқ ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда Меҳнат кодекси ва меҳнат муносабатларини тартибга солувчи бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асос бўлмоқда. Шу ўринда Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг 13 та конвенциясини ратификация қилгани ва уларнинг ижроси бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириб келаётганлигини қайд этиш жоиз.
Чунончи, аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнат муҳофазаси, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса ва касб касалликларидан ижтимоий суғурталаш, имконияти чекланган фуқароларга кўмаклашишда давлат ташкилотлари билан бирга, фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол иштирок этаётир. Жумладан, касаба уюшмалари томонидан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш борасида салмоқли натижаларга эришилаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишувга мувофиқ, 85 та тармоқ, 14 та ҳудудий келишув такомиллаштирилган ҳолда амалга киритилиб, бевосита корхона ва ташкилотларда 98 мингга яқин жамоа шартномалари тузилган. Бу касаба уюшма аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахслар 96,3 фоизининг жамоа шартномавий муносабатлар билан қамраб олинганини кўрсатади.
Жамоа шартномаси орқали ходимларнинг мутахассислиги, малакаси ва меҳнат шартномасига асосан бандлиги таъминланмоқда. Аксарият корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган жамоа шартномаларига ходим билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинишидан олдин касаба уюшмаси қўмитаси розилигини олиш мажбурияти киритилган. Шунингдек, мазкур локал ҳужжатларда ходимларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар, иш ва дам олиш вақти нормативларини назорат қилиш, энг кам иш ҳақи стандартлари, кафолатли ва компенсация тарзидаги тўловлар, иш ҳақи вақтида тўланишини таъминлаш, хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларига, хизмат вазифаларини бажариш вақтида етказилган зарарни қоплашга нисбатан ҳуқуқларни амалга ошириш, имконияти чекланган шахслар, ёшлар, аёллар ва оилавий мажбуриятлари мавжуд шахслар учун муайян имтиёзлар бериш каби масалалар ўз аксини топган.
Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерациясининг барча бўғинларида фуқароларни қабул қилиш тизими йўлга қўйилиб, ҳуқуқий маслаҳатхоналар ташкил этилган.  Федерация Кенгаши, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотларида фаолият кўрсатаётган “Ишонч телефонлари” орқали консультатив, Федерация Кенгашининг интернет тармоғидаги портали, Федерацияга аъзо ташкилотлар расмий сайтлари орқали интерактив хизматлар кўрсатилмоқда.
Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш доирасида 2014 йилнинг 9 ойи давомида касаба уюшма органлари томонидан фуқароларнинг 4 минг 851, шу жумладан, 2 минг 231 ёзма мурожаати кўриб чиқилиб, уларнинг 2 минг 251 таси қаноатлантирилди. 2 минг 388 та мурожаат муаллифларига қонун талаблари тушунтирилиб, тавсиялар берилди. “Ишонч телефонлари” орқали олинган мурожаатлар бўйича 1 минг 851 нафар фуқарога бепул юридик маслаҳатлар берилди. Касаба уюшма органлари қошидаги жамоатчилик қабулхоналарида эса бевосита 2 минг 567 нафар фуқарога ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
Касаба уюшмаларига янги аъзоларни жалб қилиш, фаоллар орасида ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш натижасида жорий йилнинг 9 ойи мобайнида нодавлат сектордаги 9 минг 261 корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 101 минг нафардан ортиқ ходим касаба уюшмасига жалб этилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 2,5 баробар кўпдир.
Аҳолининг бандлик даражасини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий дастурларига биноан янги иш ўринлари яратилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришда кўмаклашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу мақсадда жойлардаги меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармалари, бандликка кўмаклашувчи марказлар билан ҳамкорликда Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида махсус семинарлар ўтказилди.
Бугунги кунда касаба уюшмалари хотин-қизлар ва ёшлар учун ўз маблағлари ҳисобидан иш ўринлари яратишга ҳам алоҳида  ёндашмоқда. Буни касаба уюшмалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Навоий, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида очилган тикувчилик цехлари, сервис ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчаларида юзлаб аёллар ва ёшлар доимий иш жойига эга бўлгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Умуман олганда, ёшларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар қамрови тобора кенгаймоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Федерация ташаббуси билан ўтказилган “Ёш мутахассислар” II Республика Форуми салоҳиятли ёшлар учун ўзаро билим ва тажриба алмашиш майдонига айланди. Мазкур Форум олдидан бўлиб ўтган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови 16 минг нафардан ортиқ йигит-қизни қамраб олди.
Шу ўринда жамоа шартномалари орқали меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари дам олиши ҳамда соғломлаштирилишини ташкил этишга ҳам устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойида Федерация Кенгаши тасарруфидаги санаторийларда 79 минг 443 нафар кишининг саломатлиги мустаҳкамланган бўлса, улардан 32 минг 469 нафари имтиёзли равишда соғломлаштирилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан қарийб 50 фоиз кўпдир.
Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш бўйича манзилли дастур доирасида ҳар йили 50 га яқин оромгоҳда реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, янги оромгоҳлар барпо этилмоқда. Ёзги таътил мавсумида 1 минг 99 болалар оромгоҳида 296 минг нафарга яқин ўғил-қиз мароқли ва мазмунли ҳордиқ чиқарди. Шунингдек, касаба уюшмалари тизимида янги “Oqtosh-shabboda” дам олиш маскани ишга туширилди. “Ҳавотоғ” санаторийсини барпо этиш, “Чортоқ”, “Ботаника”, “Хонқа”, “Чимён”, “Зомин”, “Турон” каби санаторийларда капитал таъмирлаш, қурилиш ва реконструкция ишларини амалга оширишга 9 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилди.
Мухтасар айтганда, ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш йўлидаги тизимли ислоҳотлар самарадорлиги тобора ортиб,  фуқароларнинг  Конституциямизда белгиланган ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари тўлиқ таъминлаб келинмоқда.

Т. НАРБАЕВА,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари
Федерацияси Кенгаши раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn