Ибрат, эътироф, рағбат
  • 05 Декабрь 2014

Ибрат, эътироф, рағбат

Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди.

Унда ушбу қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги корхона ҳамда ташкилотлар, бирлашмалар, маҳаллалардаги бошланғич ташкилотлари вакиллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, талаба-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, юртимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, саломатлигини асраш, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган барча шарт-шароит яратилган. Ўз навбатида, Республика Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг  бошланғич ташкилотлари оилаларда соғлом муҳитни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёш авлодни юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирларни изчил рўёбга чиқармоқда. Бугунги кунда тизимдаги 41 мингга яқин бошланғич ташкилот юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни, айниқса, аёлларга оид давлат сиёсатини кенг жамоатчиликка етказишда фаоллик кўрсатиб келаётгани эътиборга моликдир.
2011 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур кўрик-танлов ҳам бошланғич ташкилотлар ишини самарали ташкил этиш, шу орқали қўмита фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Жорий йилда танловнинг барча босқичида юртимизнинг турли ҳудудларидаги 25 мингга яқин бошланғич ташкилот қатнашгани ҳам ана шундан далолат беради. Бу йилдан эътиборан “Соғлом бола йили” Давлат дастуридан келиб чиқиб, мактабгача таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар кенг жалб қилингани унинг аҳамиятини янада оширди. 
Танловнинг республика босқичида 98 та бошланғич ташкилотнинг фаолияти таҳлил этилди. Якунда Навоий вилояти хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар Наманган ва Фарғона вилоятлари жамоаларига насиб этди. ўолибларга дипломлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.


Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn