Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш
  • 04 Декабрь 2014

Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш

уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил этувчи хотин-қизлар ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиб, Ватанимиз тараққиёти, унинг янада гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, саксонга яқин фармон ва қарорлар, давлат дастурлари хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оила ҳамда жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Асосий Қонунимизнинг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилгани, ўз навбатида, уларнинг давлат ва жамиятни бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, юртимиз равнақи йўлида бор салоҳият ва имкониятларини ишга солиб, меҳнат қилишларига зарур шароит яратмоқда. Айни чоғда мамлакатимиз БМТ томонидан қабул қилинган аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид 70 дан ортиқ халқаро ҳужжат ва шартномаларга қўшилган. БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси (CEDAW), Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, Халқаро меҳнат ташкилотининг Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги, Меҳнат ва бандлик соҳасида камситишлар тўғрисидаги конвенциялар шулар жумласидандир.
Албатта, булар хотин-қизларнинг оила, уй-рўзғор юмушлари билан чекланиб қолмасдан, барча соҳада ўз иқтидорларини тўла-тўкис рўёбга чиқаришларида муҳим аҳамият касб этмоқда. Мисол учун, ўтган даврда ишлаб чиқариш, таълим, соғлиқни сақлаш, аграр соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган ўн уч нафар аёл Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. 212 нафар иқтидорли қиз адабиёт, таълим, санъат, маданият, спорт каби йўналишларда Зулфия номидаги Давлат мукофоти, юзга яқин хотин-қиз мумтоз қўшиқчилик, академик ижро, эстрада, опера, балет, чолғу ижрочиси, анъанавий ижрочилик, рақс йўналишларида “Ниҳол” мукофоти билан тақдирланди.
Шу ўринда аёллар илмий салоҳиятининг йилдан-йилга юксалиб бораётганини айтиш жоиз. Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида аёллар орасида 7 нафар академик, 500 нафарга яқин фан доктори, салкам 5 минг нафар фан номзоди — олималар нафақат юртимизда, шу билан бирга, халқаро миқёсда ҳам илмий тадқиқот ишлари орқали эътироф қозонмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг аёллар билан ишлаш тизимини яратиш борасидаги ташаббуси асосида ташкил этилган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳозирги вақтда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётига кенг жалб этиш борасидаги ишларни тизимли равишда амалга ошираяпти.
Президентимиз томонидан 1995 йил 2 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ислоҳотларни янги поғонага кўтарди. Унга асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари янги лавозими жорий этилиб, унинг зиммасига хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ролини янада ошириш билан боғлиқ масалаларни бошқариш юкланди. Чунончи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси айни пайтда Бош вазирнинг ўринбосари этиб тайинланиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, ҳокимларнинг ўринбосарлари лавозимлари жорий этилди ва уларни тегишли хотин-қизлар қўмиталарининг раислари эгаллашлари белгилаб қўйилди.
Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, уларга эҳтиром ва эъзоз кўрсатишда дастуриламал бўлмоқда. Унга кўра, юртимиздаги мавжуд ўн мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди.
Ҳозирги кунда катта ҳаёт тажрибасига эга, эл орасида обрў-эътибор топган аёллар ушбу масъулиятли вазифада ишлаб, давлатимизнинг юксак эҳтиромига сазовор бўлмоқда. Чунончи, 2013 йилда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимидаги мукофотланган 60 нафар ходимнинг 55 нафари маҳаллалардаги маънавий муҳитни соғломлаштириш, миллий қадриятларимизни ёшлар руҳига сингдириш, опа-сингилларимиз оғирини енгил қилиш йўлида меҳнат қилаётган фидойи хотин-қизлар экани фикримиз исботидир.
Кейинги пайтда хотин-қизларнинг ижро ҳокимияти органларидаги сонини оширишга қаратилган изчил ҳаракатлар ҳам амалга оширилмоқда. Масалан, ижро ҳокимияти органларида раҳбарлик лавозимларининг 15 фоиздан ортиғини хотин-қиз эгаллаган. Шу билан бирга, хотин-қизларнинг суд ҳокимияти органларидаги, умуман, турли тармоқ ва соҳалардаги ўрни ҳам анча салмоқли.
Маълумки, хотин-қиз депутатларнинг парламентда ва давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик органларида иштирок этиши аёлларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади. Шу боис “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунга кўра, хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини ташкил этиши лозимлиги белгилаб қўйилди. Таҳлил этадиган бўлсак, 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ўтказилган сайлов якунлари бўйича хотин-қизлар жами сайланган депутатларнинг 7 фоизини ташкил этган бўлса, 2005 йилда бу кўрсаткич 16 фоизга етди. 2009 йилда икки палатали парламентга ўтказилган сайловдан сўнг қуйи палата депутатларининг 22, юқори палата аъзоларининг 15 фоизини аёллар ташкил этаётир.
Бундан ташқари, 2013 йил ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловида 1310 нафар аёл ушбу лавозимга сайлангани эътиборга молик. Чунки 2011 йилда бу кўрсаткич 1264, 2008 йилда эса 1160 нафарни ташкил этган эди. Кўриниб турибдики, аёлларнинг мамлакатимизни демократик янгилаш, фуқаролик жамиятини барпо этишдаги роли тобора ортиб бормоқда. 
Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз бизнесини бошламоқчи бўлган аёлларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, шунинг самараси ўлароқ янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда. Айни чоғда 200 мингга яқин тадбиркор аёл юртимиз иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшаётгани диққатга сазовор.
Аёл ҳуқуқининг муҳофазаси, бу — барча фаровонликнинг асосидир. Чунки аёл қадри улуғланган жамиятда хотиржамлик, ободликка эришиш мумкин. Шунга кўра, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида хотин-қизлар қўмиталари ташаббуси билан жойларда ташкил этилган “Аёллар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш” марказлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 1 минг 200 нафарга яқин аёл мазкур марказларга мурожаат этган. Улардан 412 нафарига психологик, 421 нафарига ҳуқуқий маслаҳат хизматлари, 565 нафарига тиббий, 365 нафар аёлга ижтимоий ёрдам кўрсатилди, 367 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўргатилди. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг ишга жойлашишига ва ўз оиласининг иқтисодий шароитини яхшилашига имкон берди.
Яна бир йўналиш — хотин-қизлар спортини ривожлантириш, фарзандларимизда, айниқса, қиз болаларда жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар аёллар ўртасида спортнинг тобора оммалашишига, шу орқали улар орасида халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир атлетлар сонининг кўпайишига хизмат қилаётир. Хусусан, жорий йилнинг 19 сентябрь — 4 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган ХVII Осиё ўйинларида ўзбекистонлик хотин-қизлар томонидан учта олтин, учта кумуш, тўртта бронза медаль қўлга киритилгани ана шу эзгу ишларнинг инъикосидир.
Мухтасар айтганда, хотин-қизларимизнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар улар салоҳияти ва имкониятларини юзага чиқаришга, пировард натижада фаол, ташаббускор, фидойи аёллар сафининг кенгайишига хизмат қилмоқда.

Э. БОСИТХОНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари,
Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn