Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси
  • 04 Декабрь 2014

Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси

Пойтахтимизда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, Республика Байналмилал маданият марказлари ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, маънавият тарғиботчилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, ўқитувчилар ҳамда ёшлар қатнашди.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда миллий маънавиятимиз, аждодларимизнинг бой маънавий меросини, халқимизнинг азалий қадрият ва удумларини ўрганиш, уларни ёшларимиз онгу шуурига сингдиришда ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, таълим муассасалари, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларида маънавият тарғиботчилари миллий мафкура ва миллий ғоямизни тарғиб-ташвиқ этиш ишларига катта эътибор қаратаяпти. Бу саъй-ҳаракатлар юртдошларимизни турли маънавий хавф ва таҳдидлардан огоҳ этишга хизмат қилиши билан бирга, уларни миллий ғоя атрофида жипслаштириш, шунингдек, она-Ватанимизни кўз қорачиғидек авайлаб-асрашга ундамоқда.
Президентимизнинг жорий йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар эса маънавият ва маърифат соҳасидаги ишларни ҳаётга изчил татбиқ этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур танлов давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 25 августдаги “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарори асосида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаяпти.
Шуни таъкидлаш ўринлики, кўрик-танловга йил сайин юртдошларимизнинг қизиқиши ошиб бормоқда. Унинг бу йилги республика босқичида 11 нафар ғолиб халқимиз бой ўтмиши, бугунги ижтимоий жараёнлар, ахборот-коммуникация технологиялари, хорижий тилларни билишини ҳамда алоҳида қобилиятларини намойиш этишди.
— Танловда “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга руҳият орқали йўл топамиз” деб номланган лойиҳа билан қатнашдим, — дейди танлов ғолиби, Жондор туманидаги 2-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг ўқитувчиси Муҳаррам Камолова. — Унга кўра, ёшларимиз ўз ҳуқуқларини билиб, жамиятда муносиб ўринларини топишга интилади. Энг муҳими, дунёқараши ва маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор берилади. Бу борада биз кўзланган мақсадларга эришаяпмиз. Зеро, ўзлигини англаган, аждодларга муносиб ворисгина ҳеч қандай ёт ғояларга берилмайди, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, юксак марралар сари илдамлайди.
Тадбирда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танловининг қатор йўналишлари бўйича ғолибларига мукофотлар топширилди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn