Тараққиётимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси
  • 03 Декабрь 2014

Тараққиётимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 22 йилдирки, мамлакатимиз тараққиёти йўлида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Буни суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Асосий Қонунимизнинг 106-моддасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият, сиёсий партия ҳамда бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда фаолият юритиши белгиланган бўлиб, бу амалиётда одил судловни холис ва юқори савияда амалга ошириш имконини бермоқда.
Унинг 112-моддасида “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, дея белгилаб қўйилгани ҳам одил судловнинг фақат қонунга таянган ҳолда олиб борилишини таъминлашга қаратилгандир.
Шунингдек, унда ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, ушбу норма суд ишларини юритишнинг процессуал тартибини соддалаштириш, жиноий жазоларни либераллаштириш, одил судлов ҳимоясидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, миллий қонунчиликни халқаро нормаларга мослаштиришни тақозо этарди. Шу боис истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ соҳанинг қонунчилигини яратишга жиддий киришилди. Шу мақсадда 1993 йилда “Судлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилди. Мазкур Қонун одил судловни амалга оширишда ҳуқуқий асос бўлиш билан бирга, суд мустақиллигини таъминлашга ҳам замин ҳозирлади. Унга 2000 йилда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, умумий юрисдикция судлари ихтисослаштирилди, яъни хўжалик, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ташкил этилди. Бу эса судларнинг жиноят ва фуқаролик ишларини малакали асосда кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти янада самарали бўлишига хизмат қилмоқда.
Асосий Қонунимизда белгилаб берилган тамойиллар негизида жиноят-процессуал қонунчилигига киритилган апелляция институти ҳам жамият ҳаётида катта воқеа бўлиши баробарида, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим омилга айланган. Бугун фуқароларимиз биринчи инстанция суди қароридан норози бўлган тақдирда, ҳуқуқ ва манфаатини апелляция ҳамда кассация инстанциясида ўз адвокати иштирокида ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлди. Шу тариқа фуқароларнинг биринчи инстанция суди қарорига нисбатан шикоятларини яширин, ёпиқ тарзда кўриб чиқиш тартиби батамом тугатилди. Жорий этилган ушбу янгиликлар биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш ва суд фаолиятида сансалорликка йўл қўйилмаслигининг кафолатига айланди. Буни рақамлар ҳам тасдиқлайди. Агар 2000 йилда суд хатоларининг деярли ярми назорат тартибида тузатилган бўлса, 2014 йил 9 ойи якунларига кўра, бундай ҳолатларнинг 89 фоиздан ортиғи апелляция ва кассация тартибида бартараф қилинди.
Конституциямиз асосида “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам суд-ҳуқуқ ислоҳотларида муҳим аҳамият касб этди. Зеро, мазкур Қонун билан жиноятлар таснифи тубдан ўзгарди. Аёллар ва ёши
60 дан ошган эркакларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо турининг энг кўп муддати муайян жиноят учун қонунда назарда тутилган энг кўп муддатнинг тўртдан уч қисмидан ортиқ бўлмаслиги белгиланди. Қолаверса, жиноят қонунчилигидан мол-мулкни мусодара қилиш тартиби чиқарилди. Бу жиноят қонунчилигини либераллаштиришнинг муҳим кўринишларидан бири бўлиб, мазкур янгилик хусусий мулк дахлсизлиги тўғрисидаги конституциявий қоидага тўлиқ мос келиши билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.
Шу ва бошқа конституциявий қоидалардан ҳам кўриш мумкинки, Асосий Қонунимизда инсонпарварлик тамойили етакчилик қилади. Ана шу тамойил негизида қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятида инсонпарварлик устувор эканлиги ҳам бунинг яққол далилидир. Хусусан, 2008 йилнинг январидан юртимизда ўлим жазоси бекор қилинишини нафақат юртдошларимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам ниҳоятда катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга воқеа сифатида қаршилади. Унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилди. Айни чоғда қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиб, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг суд қарорисиз чеклаб қўйилмаслигини таъминловчи ҳуқуқий механизм яратилди. Ушбу механизм фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар жиҳатдан таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Конституциямиздаги инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, суд амалиётига ярашув институти жорий этилиши мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилаётганидан далолатдир. Бу янгилик миллий урф-одат ва умуминсоний қадриятларга мослиги билан эътиборга молик. Унга кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноий қилмишни содир қилган шахс жабрланувчига етказган зарарни қоплаган тақдирда, жиноий жавобгарликка тортилмайдиган бўлди. Эътиборлиси, мазкур институт қўлланила бошлагандан буён
159 минг нафардан зиёд киши жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Президентимиз томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тизим ислоҳотларида янги даврни бошлаб берди. Зеро, мазкур Концепция асосида ишлаб чиқилган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун бу борада муҳим аҳамиятга эга. Негаки, суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган шу ҳужжат билан “Прокуратура тўғрисида”, “Судлар тўғрисида”ги қонунлар ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Булар, ўз навбатида, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш, жиноят процессида “Хабеас корпус” институти қўлланиш амалиётини бугунги кун талабларига мос даражада кенгайтирди. 
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 2 августдаги “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳада рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларни яна бир поғона кўтарди. Унда судьяликка биринчи марта тайинланган (сайланган) шахсларнинг Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Олий суд ва Олий хўжалик судида тайёргарлик ва стажировка ўташи ҳамда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги пайтда шу йўналишларда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Энг муҳими, бундай саъй-ҳаракатлар ўзининг кутилган натижаларини бермоқда.
Шу ўринда ўтган йиллар давомида замон талабларидан келиб чиқиб, Асосий Қонунимизга бир неча марта ўзгартишлар киритилганлигини ҳамда бугунги кунда бу ўзини тўла оқлаб келаётганлигини мамнуният билан айтиш зарур. Бундай янгиликлар сирасига профессионал, доимий асосда ишловчи парламентга бўлган эҳтиёж, қонунлар сифатини ошириш, ҳокимият бўлиниш принципини ривожлантириш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан вакиллик ҳокимияти назоратини кучайтириш, ҳукумат масъулиятини ошириш мақсадида парламент, Президент, ҳукумат фаолиятига ҳамда сайлов тизимига тааллуқли ўзгартишларни киритиш мумкин.
Мазкур ўзгартишларнинг барчаси долзарб бўлиб, уларнинг айримлари хусусида тўхталмоқчимиз. Маълумки, юртимиз мустақилликка эришгач, унинг олдида мураккаб вазифалар пайдо бўлди. Шулардан бири ҳокимиятни самарали ташкил этиш, бунинг учун ҳокимият органлари тизимини вужудга келтириш, жамият ва давлат фаолиятига тааллуқли масалаларни тартибга солувчи қонунчилик тизимини яратишни ҳаётнинг ўзи кун тартибига қўйди. Буни амалга ошириш учун мамлакатимизда дастлаб бир палатали парламент ташкил этилди. Унда депутатлар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда фаолият олиб боришди. Улар ушбу даврда парламент мактабини ўтади, профессионал фаолият учун кўникма ҳосил қилишди. Энди эса қонунлар сифатига кўпроқ эътибор бериш, парламентнинг доимий фаолият юритиши ва унда доимий вакиллик мутаносиб бўлиши зарур эди. Шундан келиб чиқиб, икки палатали парламентни шакллантирувчи қоидалар Конституциямизга киритилди. Ушбу ўзгартишлар Олий Мажлиснинг икки палатали бўлишини, яъни доимий ишловчи ва профессионал Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатда тенг ҳудудий вакиллик бўлишини таъминлади.
Концепция асосида Конституциямиз мазмунан янада бойитилди. Бу ўзгартишлар Президент мақомига, Вазирлар Маҳкамаси, Бош вазир ваколатларини ва масъулиятини кучайтиришга, ижро ҳокимияти фаолияти устидан вакиллик (қонунчилик) ҳокимиятининг назорат функциясини кучайтиришга қаратилди.
Конституциямизнинг 98-моддасига ҳам жиддий ўзгартишлар киритилди. Унга асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.
Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилиб, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишда судларнинг роли янада оширилди. Масалан, 2012 йилда “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг кучга кириши бу борада ўта муҳим қадам бўлди. Аниқроқ айтганда, ушбу Қонун билан лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш, жиноят ишини қўзғатиш ҳуқуқини судлар ваколатидан чиқариш ҳамда судда жиноят иши кўрилаётганда айблов хулосасини ўқиб эшиттириш мажбуриятини прокурорга юклаш каби муҳим масалалар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.
Конституциянинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган. Ушбу конституциявий тамойилнинг амалдаги ифодасини судларда оғир ва ўта оғир жиноят ишларини кўриб чиқиш чоғида халқ маслаҳатчилари иштироки тўлиқ таъминланаётгани мисолида кўриш мумкин. Бугунги кунда жиноят ишлари бўйича судларда оғир ва ўта оғир жиноят ишини кўришда икки нафар халқ маслаҳатчиси иштирок этаётгани ишни холис ҳал қилиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли муҳофаза этишга хизмат қилмоқда. Жорий йил апрель-май ойларида республика халқ маслаҳатчиларининг навбатдаги сайлови ўтказилди. Унда сайланган 15 744 нафар халқ маслаҳатчиси ҳозир судлов жараёнларида самарали фаолият олиб бормоқда.
Умуман, суд-ҳуқуқ соҳасида конституциявий талаблар асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самараси ўлароқ, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла таъминланмоқда. Зеро, Асосий Қонунимиз туб замирида шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсонни рози қилиш, уларнинг эзгу орзу-ўйларини рўёбга чиқариш ҳамда инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик жамиятни барпо этиш мақсадлари мужассам.

Шоюнус ГАЗИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Янги китоб тақдимоти Қисқа сатрларда »