Янги китоб тақдимоти
  • 03 Декабрь 2014

Янги китоб тақдимоти

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида  Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти совриндори Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” эпопеясининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур адабий анжуман Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг йигирма икки йиллигига бағишланди.
Адабий жамоатчилик вакиллари, театр ва кино актёрлари, санъаткорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган ушбу маросимда истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида улуғ аждодларимиз хотирасига кўрсатилаётган юксак эҳтиром юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодни Ватанга садоқат, буюк бобокалонларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди. Хусусан, соҳибқирон Амир Темур шахсиятини англаш, ул зотнинг жаҳон тамаддунига қўшган бемисл ҳиссаси, ҳарбий маҳорати, безавол ўгитлари авлодлар учун чинакам ибрат намунасидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Амир Темур шахсини идрок этиш — тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш — ўзлигимизни англаш демакдир.
Амир Темурни улуғлаш — тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизга ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир”.
Таниқли адибнинг “Улуғ салтанат” номли тўрт китобдан иборат роман-эпопеяси қарийб йигирма йиллик ижодий изланишларнинг маҳсули сифатида дунёга келган. Асарда буюк Соҳибқироннинг салтанат бошига келганидан (1370 й.) то ўн беш ёшли Мирзо Улуғбекнинг Мовароуннаҳр тахтига ўтиришигача (1409 й.) бўлган давр ифодалаб берилган.
Асарни мутолаа қилган китобхон Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, маънавияти, санъати ва маданиятидан хабардор бўлади.
“Шарқ” нашриёти матбаа-акциядорлик компанияси томонидан чоп этилган  тўрт китобдан иборат мазкур эпопеяга Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Алишер Алиқуловнинг рангли иллюстрациялари илова қилинган.
— Бугун адабиёт ва санъат аҳли алоҳида қадрланмоқда. Бундай юксак муносабат ҳеч бир даврда бўлган эмас, — дейди эпопея муаллифи. — Буни билишимиз ва қадрлашимиз, кўрсатилган ишончдан янада руҳланиб, изланишда давом этишимиз керак. Шу маънода, мен ҳам йиллар давомида Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиб, улуғ Соҳибқироннинг “Ўтган ишга ўкинмайман, ютуқлардан шодланмайман”, деган пурмаъно сўзларини эслаб туриш кони фойда эканлигини англадим. Бобомиз айтган фикрлар, ўйлайманки, барча инсонлар ва замонлар учун қадрлидир.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn