Муқаддас Ватанда азиздир инсон
  • 03 Декабрь 2014

Муқаддас Ватанда азиздир инсон

Инсон ҳамиша эртанинг умиди билан яшайди. Зеро, бу туйғу кишига куч-қувват, кўтаринкилик бахш этади. Бинобарин, жисмоний имконияти чекланганларнинг ҳар бир куни соғайиб кетиш орзуси билан кечади.

Улар ўтаётган умри янада сермазмун, бахту омадга ёр бўлишини истайди.
Хабарингиз бор, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йилдаги қарорига асосан, ҳар йили 3 декабрь Халқаро ногиронлар куни сифатида бутун дунёда нишонланади. Аслида, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, йиқилганни суяш, мискинларга қўлидан келган ёрдамни аямаслик каби эзгу фазилатлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Биргина мисол, Республика Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон бўлими ташкил этилганидан буён мамлакатимиздаги кўплаб давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келаяпмиз. Саховатли инсонлар кўмаги билан байрам тадбирлари, улуғ айём кунларида ногиронлар ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжмандларни ортопедик-протез маҳсулотлари, эшитиш мосламалари ва бошқа анжомлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ташкилотимиз сўнгги тўрт йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган лойиҳаларда иштирок этиб, бир қатор йўналишлар бўйича 18 та грантни қўлга киритди. Ана шу грантлар асосида барча туманларда жисмоний имконияти чекланганлар учун тикувчилик, касаначилик, ошпазлик, қандолатчилик, компьютер саводхонлиги курслари ташкил этилди. Ўз навбатида, улар эгаллаган мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди. Қолаверса, муассасамиз қошида фаолият кўрсатаётган соғломлаштириш маркази ҳам ногиронларнинг саломатлигини тиклаш, жисмоний фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.
 Болалар — бизнинг келажагимиз. Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб фарзанд тарбияси, унинг ҳар томонлама соғлом  бўлиб камолга етиши давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, уларнинг мактабгача ва мактабдан ташқари таълими, касб тайёргарлиги, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим олиши таъминланди. Ҳар йили 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган жисмоний имконияти чекланган иқтидорли болалар ўртасида “Мафтункор ранглар жилоси”, “Ватан бағридаги бахтли боламиз” республика кўрик-танловларини ўтказиш анъанага айланган. Айтиш мумкинки, шу ва бошқа танловлар сабаб ҳар йили кўплаб ёшларимизнинг ўз истеъдодларини намоён этишларига имкон яратилмоқда.
Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишда маҳаллий ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан, “Маҳалла” жамоат фонди, “Соғлом авлод учун”  халқаро хайрия фонди, “Экосан” жамғармаси, БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси сингари ташкилотлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари яхши натижа бераётир. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари ва бевосита ёрдамлари сабаб ногирон болаларнинг чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказилиши ҳамда сифатли даволаниши таъминланмоқда. Бундай эътибор ва ғамхўрлик уларга соғлом тенгдошлари сингари ўқиш, дам олиш, ўз севимли машғулотлари билан шуғулланиш имкониятини яратаяпти.
Инсон ва унинг манфаатлари устувор саналган юртда яшаш — олий бахт. Бинобарин, ногиронларга ҳам ижтимоий ҳаётда фаол қатнашишлари учун кўмаклашишга қаратилган эзгу ислоҳотлар шу муқаддас Ватанда ҳар бир инсон азиз ва муҳтарам эканлигидан далолатдир.

П. ДАУЛЕТЯРОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси ногиронлар жамияти раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn