Залворли ютуқларнинг юксак эътирофи
  • 02 Декабрь 2014

Залворли ютуқларнинг юксак эътирофи

Жорий йил Сурхондарё вилояти аҳли учун қувончли ва унутилмас воқеалар тақдим этди. Хусусан, Президентимиз томонидан Термиз шаҳрига юксак давлат мукофоти — Амир Темур орденининг топширилиши ушбу табаррук заминда яшовчи ҳар бир инсон қалбини тўлқинлантириб юборди.

Зеро, давлатимиз раҳбари шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда таъкидлаганидек, “Бугунги кунда Термиз шаҳри нафақат Сурхон воҳаси, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ўрта Осиё минтақасининг иқтисодий, маданий ва коммуникация марказларидан бири десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди”.
Дарҳақиқат, истиқлол берган беқиёс имкониятлар, энг аввало, бунёдкорлик, ободончилик ишларига кенг йўл очди. Шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, халқимиз турмуш фаровонлиги юксалди. Ўтаётган кунимиздан шукроналик, эртанги кунга қатъий ишонч ҳисси одамларимизни эзгу ишлар сари руҳлантирмоқда. Бунинг самараси барча соҳада қўлга киритилаётган улкан муваффақиятлар, забт этилаётган юксак марраларда ўз ифодасини топаётир.
Термиз шаҳри мисолида айтадиган бўлсак, ўтган йигирма уч йил ичида ушбу кўҳна ва навқирон кент таниб бўлмас даражада ўзгарди. Янги уй-жойлар, замонавий инфратузилма объектлари қад ростлади. Чунончи, ҳудудда кўплаб таълим, маданият ва спорт кошоналари бунёд этилдики, натижада воҳа ёшларининг ҳеч кимдан кам бўлмай камол топишлари учун барча шарт-шароит яратилди. Масалан, янги қурилган “Сурхон” спорт мажмуини олайлик. Ҳозир бу ерда келажагимиз ворислари спортнинг кўплаб турлари бўйича машғулот олиб боришмоқда, маҳоратини тоблаб, жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтаришмоқда. Бундан ташқари, Термиз давлат университети, вилоят кардиология, шошилинч тиббий ёрдам илмий марказлари, “Бахт уйи”, 1-болалар мусиқа ва санъат мактабининг янгидан қурилган бинолари айни кунда шаҳар кўркига янада кўрк қўшиб турибди. Қувонарлиси, бундай янгиланиш ва бунёдкорлик жараёни ҳозирги кунда ҳам жадал давом эттирилаяпти.
Президентимиз алоҳида урғу берганларидек, Термиз шаҳри ўтмишда Соҳибқирон бобомиз Турон заминида барпо этган буюк ва қудратли давлатнинг мустаҳкам қўрғони, салтанат таянчи сифатида шуҳрат қозонган. Ушбу  муқаддас манзилда қандай улуғ аллома ва мутафаккирлар, азиз авлиёлар яшагани ҳам тарихдан маълум. Шу боис истиқлол йилларида ана шундай улуғ зотларнинг мақбаралари обод қилиниб, илмий ва маънавий мероси қайта тикланди. Мавжуд тарихий иншоотлар зиёратгоҳ масканларга айлантирилди. Бу эса мустабид тузум даврида узоқ йиллар давомида ривожланишдан ортда қолиб келган воҳа ҳаётига жўшқинлик бағишлади.
Шуни алоҳида айтиш жоизки, Амир Темур ордени — мустақиллик йилларида шаҳримиз аҳлининг ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳаларда эришган муваффақиятлари, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун берилган юксак мукофот. Халқимизнинг тарихий ва маънавий меросини асраб-авайлаш, ёшларимизни улуғ аждодларимизга хос эзгу қадриятлар, мардлик ҳамда жасорат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги улкан хизматларининг эътирофидир. Ушбу эътибор ва рағбатга муносиб бўлиб, бошланган эзгу ишларимизни изчил давом эттириш ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.


Орзиқул СОАТОВ,
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди
Сурхондарё вилояти бўлими раисининг ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn