Бошланғич ташкилотлар фаолияти таҳлил қилинди
  • 13 Февраль 2014

Бошланғич ташкилотлар фаолияти таҳлил қилинди

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маънавий ҳаётида тўлақонли иштирок этишларини таъминлаш, маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда аёлларнинг оиладаги, жамиятдаги ўрни ва нуфузи тобора юксалиб бормоқда.

Албатта, бунда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг жойлардаги бўлимлари ва тузилмалари билан бирга, аёллар манфаатларини муҳофаза қилишга қаратилган кўп қиррали фаолияти муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, мазкур тизимдаги  41 мингга яқин бошланғич ташкилотлар аёлларга оид давлат сиёсатини кенг жамоатчиликка етказишда фаоллик кўрсатиб келаётгани эътиборга молик.
“Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик темир йўл компанияси томонидан ўтказилган ўқув-семинарда шулар хусусида сўз юритилди. Унда бир қатор вазирлик, идора, қўмита ва йирик корхоналарнинг ҳамда темир йўл тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотлари раислари қатнашди.
Семинарда темир йўл соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, сиҳат-саломатликни мустаҳкамлаш, болали аёлларнинг ишлашлари учун зарур шарт-шароит яратиш борасида аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилаётгани таъкидланди. Хусусан, 2013 йилда 4076 оилага 627 млн. сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилган. Шунингдек, тизимдаги 31 корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 107 нафар болали аёлнинг иш вақти ойлик маоши сақланган ҳолда ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланган.
— Ҳозир темир йўл тизимида 70 минг нафарга яқин темир йўлчилар хизмат қилмоқда, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Раъно Рустамбекова. — Уларнинг 14 минг 170 нафардан ортиғи хотин-қизлардир. Фаолиятимиз давомида асосий эътиборни темир йўлчи аёлларнинг меҳнатини қадрлаш ва муносиб рағбатлантириш, уларни тиббий кўрикдан мунтазам ўтказиш, спортга кенг жалб этиш, турли кўрик-танлов, мусобақалар уюштириш, долзарб мавзуларда давра суҳбатлари, семинарлар, учрашувлар ўтказишга қаратмоқдамиз. Қайд этиш жоизки, буларнинг барчаси кутилган натижаларни бераяпти.  Чунончи, ўтган йили хотин-қизлар ўртасида спортнинг беш тури бўйича спартакиада уюштирилиб, унда кўплаб аёлларимиз фаол қатнашдилар. Бундан ташқари, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган “Соғлом аёл — соғлом жамият” хайрия тадбирида тизимда фаолият юритаётган хотин-қизлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллиги аниқланган аёлларга шифокорлар зарур тиббий маслаҳатларини беришди.
Семинарда “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК томонидан келгусида хотин-қизлар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, унумли ишлаши учун қулай шарт-шароит яратиш борасидаги ҳаракатларни изчил давом эттириш юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди. 
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова иштирок этди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn