«Ўзбекистон — истеъдодли ёшлар мамлакати»
  • 02 Декабрь 2014

«Ўзбекистон — истеъдодли ёшлар мамлакати»

Хабарингиз бор, пойтахтимизда “Competizione dell‘Opera” опера ижрочиларининг ўн тўртинчи халқаро танлови бўлиб ўтди. Ёрқин лаҳзалар ва унутилмас таассуротларга бой тарзда кечган ушбу санъат байрами жаҳон мусиқа оламида муҳим воқеалардан бирига айланди, десак, янглишмаймиз.

Зеро, дунёнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 60 нафарга яқин ёш санъаткорларнинг мумтоз итальян операларидан намуналар куйлаши, айниқса, унда юртимиз вакилларининг жўшқин маҳорати, уларнинг чиқишлари машҳур опера театри раҳбарлари, хонандалар томонидан баҳолаб борилгани халқаро танлов нуфузининг нақадар юксаклигидан далолатдир.
Халқаро танлов иштирокчилари пойтахтимиздаги В. Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бўлишиб, у ерда ёш санъатсеварларнинг пухта билим олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Айниқса, таълим муассасаларининг жаҳон андозалари асосида бунёд этилгани, улардаги замонавий қулайликлар, ёшларнинг миллий ва жаҳон мусиқаси анъаналарини, хорижий тилларни пухта ўрганаётгани меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
— Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатда санъат ва маданиятни равнақ топтириш, ёш истеъдодларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг миқёсли ишлар таҳсинга лойиқ, — дейди “Competizione dell‘Opera” XIV халқаро опера танловининг лойиҳа раҳбари, австриялик мутахассис Катрин Гартаус. — Шунинг учун бўлса керак, Ўзбекистонда истеъдодли ўғил-қизлар жуда кўп. Халқаро танловнинг аксарият иштирокчилари Ўзбекистон давлат консерваторияси талабалари экан. Йигит-қизлар маҳоратли бўлиш билан бир қаторда, ушбу мураккаб санъат тури ҳақида ҳам яхшигина билим ва маълумотга эга эканлигидан беҳад қувондим. Юртингизга биринчи марта келишим, санъатсевар халқингиз, гўзал ва фаровон Ватанингиз тароватидан қалбимизга ажойиб хотиралар муҳрланди. Шу боис мамлакатингизга яна келиш иштиёқи туғилди.
Хорижлик иштирокчилар юртимизда миллий санъатимизни янада равнақ топтириш, бу борадаги ютуқларимизни жаҳонда кенг тарғиб этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини мамнуният билан тилга олишди. Бу эса дунё халқлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, уларнинг миллий мусиқа меросини ўрганиш ва тарғиб қилишда яққол намоён бўлмоқда.
Меҳмонлар пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини ҳам кўздан кечиришди. У ерда сақланаётган етти миллионга яқин турли соҳага оид китоблар, нодир адабиётлар, шинам ўқув заллари, кутубхонанинг ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ таъминлангани кўпчиликнинг қизиқишини оширди. Айниқса, ёш китобхонларнинг илмга чанқоқлиги, бир нечта хорижий тилларни мукаммал ўзлаштираётганлиги мутахассису санъаткорларни тўлқинлантирди.
— Тошкентда ўтказилган мазкур халқаро танлов мен қатнашган фестивалларнинг энг яхшиси бўлди, — дейди словакиялик ижрочи Растислав Лалинский. — Маҳоратли тенгдошларимнинг чиқишларини мароқ билан кузатдим. Ўзбекистонлик дўстларимнинг салоҳияти менда чексиз ҳайрат уйғотди.
— Ушбу нуфузли санъат анжумани Тошкент жамолидан, халқингизнинг бағрикенглиги ва илиқ меҳридан баҳраманд бўлишга имкон берди, — дейди польшалик хонанда Магдалена Марчевка. — Миллий кутубхонангиз китобсеварлар, асосан, ёшлар билан гавжум экан. Мазкур муҳташам кутубхона мамлакатингизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ёрқин мевасидир. Дунёнинг машҳур кутубхоналарида ҳам бундай қулайликларни топиш қийин. Умуман, ёшларингиз бахту иқболига ҳавасим келди.
—    Мазкур халқаро танлов жаҳондаги энг машҳур маданий фестиваллардан бири, — деди “Competizione dell‘Opera” XIV халқаро опера танловининг бадиий раҳбари ва директори, профессор Ганс-Йоахим Фрай. — Тошкент фусункор шаҳар экан. Бинобарин, ўзбекистонлик ижрочиларнинг иқтидори ҳам ана шундай мафтункор ва жозибали. «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган якуний концертни баланд руҳда олиб борган симфоник оркестр жамоаси ва унга дирижёрлик қилган Камолиддин Ўринбоевнинг маҳорати ҳам эътирофга сазовор. Биз танловнинг чинакам байрамга айланиб кетганидан мамнунмиз. Бу эса Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган улкан ғамхўрликни ифодалаб турибди. Хуллас, тилагимиз битта: ёрқин истеъдодлар мамлакатига асло кўз тегмасин.


Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn