Олий хўжалик суди Пленуми мажлиси
  • 29 Ноябрь 2014

Олий хўжалик суди Пленуми мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий хўжалик судининг судьялари, ҳуқуқ-тартибот идоралари масъул ходимлари, ҳуқуқшунослар иштирок этди.

Шунингдек, видеоконференцалоқа тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар хўжалик судлари судьялари ва ходимлари қатнашди.
Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизни демократик янгилаш, барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш ва халқимиз турмуш фаровонлигини муттасил юксалтириб бориш йўлида изчил амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юксак самара бераётганлиги алоҳида таъкидланди. Суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш, суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш орқали фуқаролар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла ҳимоя қилиб келинаётгани бунинг бир мисолидир.
Маълумки, фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11-моддасида кўрсатиб ўтилган бўлиб, улардан бири битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ҳисобланади. Бироқ битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти таҳлили хўжалик судлари томонидан мазкур тоифадаги ишларни кўришда айрим муаммолар ҳамда ўз ечимини кутаётган масалалар борлигини кўрсатмоқда. Шундан келиб чиқиб тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳаси Пленум мажлисида атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳа битимларнинг ҳақиқий эмаслигини тартибга солувчи Фуқаролик кодекси нормаларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш юзасидан хўжалик судларига аниқ тушунтиришлар бериш ва бу борада ягона суд амалиётини шакллантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Қарор лойиҳасида битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш ўртасидаги фарқ, битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тартиби, низоларнинг судловга тааллуқлилиги, битимни ҳақиқий эмас деб топиш асоси, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш талаби билан судларга мурожаат қилиши мумкин бўлган субъектлар доираси каби масалаларга батафсил тушунтириш берилган. Айни чоғда лойиҳада назарда тутилган жиддий аҳамиятга эга бўлган янглишиш таъсирида тузилган битимлар, алдаш, зўрлик, қўрқитиш таъсирида тузилган битимлар, қалбаки ҳамда кўзбўямачилик учун тузилган битимлар, юридик шахс ҳуқуқ лаёқатидан ташқарига чиққан ҳолда тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тартиби ва асослари бўйича тушунтиришлар суд амалиёти учун муҳим ҳисобланади.
Пленум мажлисида “Хўжалик судлари томонидан видеоконференцалоқа режимида суд мажлисини ўтказишда Хўжалик процессуал кодекси нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Маълумки, шу йилнинг 1 сентябридан хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференцалоқа тизимида ўтказиш имконияти яратилди. Муҳими, бу янгилик тадбиркорларга катта қулайлик туғдирди. Эндиликда ишда иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларининг бошқа иштирокчилари ўз ҳудудларидаги хўжалик суди биносига келиб, бошқа жойдаги суд муҳокамасида видеоконференцалоқа тизими воситасида қатнашмоқдалар. Ушбу тизим ишга тушганидан буён 700 га яқин суд мажлиси видеоконференцалоқа тизимида амалга оширилди. Натижада 1450 дан ортиқ суд иштирокчилари ўзлари жойлашган ҳудуддан чиқмаган ҳолда, ўзга ҳудудда ўтказилган масофавий суд процессларида қатнашди.
Қарор лойиҳаси хўжалик судининг мажлисини видеоконференцалоқа тизимида ўтказишда судлар томонидан Хўжалик процессуал кодексида белгиланган қоидаларни тўғри ва бир хилда қўллаш, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўз процессуал ҳуқуқларидан тўла фойдаланишларини таъминлаш юзасидан батафсил тушунтиришларни қамраб олган. Тадбир қатнашчилари қарор лойиҳасида видеоконференцалоқа тизимида суд мажлисини ўтказиш тартиби ва ўзига хос хусусиятлари, видеоконференцалоқа тизимида ишни кўраётган хўжалик суди ва суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суднинг процессуал ҳаракатлари тўлиқ белгилаб берилгани ишларни кўриш амалиётини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала ҳам кўрилди.
Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn