Баркамол авлод
  • 29 Ноябрь 2014

Баркамол авлод

эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи ва таянчидир

Бу йил барчамиз энг улуғ ва энг азиз байрам — мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигини катта мамнуният билан нишонладик. Зеро, Истиқлол — улуғ неъмат. Унинг аҳамияти ҳар бир соҳада, ҳар бир жабҳада ўзининг ёрқин инъикосини топмоқда. Хусусан, ёшлар сиёсатининг устувор вазифалари ижроси — жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камолга етказишга хизмат қиладиган самарали тизим шакллантирилди.
Маълумки, Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ этишга йўналтирилаётган маблағлар давлат бюджети харажатларининг 34 фоизини ташкил қилади. Шунинг ўзиёқ баркамол авлод тарбиясига юксак даражада эътибор қаратилаётганини яққол ифодалайди. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилида — 1991 йилнинг 20 ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилингани ёшлар масаласи давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканлигини англатди. Ушбу ҳужжат бош ислоҳотчи бўлган давлатнинг ёшларга доир асосий стратегик йўналишларни изчил ва тизимли равишда амалга ошириш имконини яратди.
1997 йилда қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури эса баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Дастур ижроси мустақилликкача бўлган даврда таълим тизимида юзага келган бир қатор камчиликлар, хусусан, шаҳар ва қишлоқлардаги аксарият мактабларнинг таъмирталаб ҳолга келиб қолгани, жиҳозларнинг замон талабига жавоб бермаслиги, ўқув қуролларининг етишмаслиги каби бир қатор жиддий муаммоларни бартараф этиш имконини туғдирди. Энг асосийси, таълимнинг 9+3 (яъни 9 йил бошланғич ва ўрта таълим ҳамда 3 йил ўрта махсус, касб-ҳунар таълими) тизимига ўтказилиши ва унинг бепул қилиб қўйилиши алоҳида эътиборга лойиқдир.
Истиқлол йилларида олий таълим тизимида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Таъкидлаш жоизки, таълимнинг “бакалавриат/магистратура” тизимига ўтказилиши мазкур тизим ҳамда меҳнат бозорининг ўзаро алоқасини кучайтирди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 65 тага етди. Тизимда рўй бераётган интеграцион жараёнлар натижаси ўлароқ, республикамизда дунёнинг етакчи университетлари филиаллари ташкил этилди.
Г. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академияси, М. Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Губкин номидаги Россия нефть ва газ университети, Вестминстер университети (Буюк Британия), Сингапур менежментни ривожлантириш институти ҳамда Турин политехника университети (Италия), Инха университети (Жанубий Корея) филиаллари шулар жумласидандир.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида олий тоифали илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида олий таълимдан кейинги таълим тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Натижада Президентимиз Фармонига кўра, 2013 йил
1 январдан бошлаб, умумжаҳон стандартлари ва талабларига мос равишда олий таълимдан кейинги таълимнинг докторлик (PhD) даражасини берувчи бир поғонали тизим жорий этилди. 
Ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш, билим ва касбий маҳоратларини амалда намоён этишлари учун имкониятларни кенгайтириш нафақат давлат, балки барча нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтларининг ҳам энг долзарб вазифаларидан биридир. Ушбу масаланинг аҳамиятини чуқур англаган ҳолда муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов томонидан иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Истеъдод” жамғармаси ташкил этилиши ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатига асос солиниши ҳам алоҳида эътиборга молик.
Шунингдек, ёш авлоднинг иқтидорини юзага чиқаришда “Ниҳол” мукофоти ва Зулфия номидаги Давлат мукофотининг жорий этилгани ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Ушбу ҳаракатларнинг амалий натижаси ўлароқ, эртамиз эгаларининг дунё ҳамжамиятида юксак эътирофга эга бўлаётганини, жумладан, жорий йилда ёшларимизнинг кимё фанидан 47-халқаро Менделеев олимпиадасида муваффақиятга эришганларида ҳам кўриш мумкин. Бу олимпиадада Ўзбекистон ёшлари 2 та олтин, 5 та кумуш ва 8 та бронза медалига эга бўлиб, умумжамоа миқёсида фахрли 1-ўринни эгаллашди. 
Миллий таълим тизимида эришган ютуқларимизни жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда. Хусусан, CCN компаниясининг (АҚШ) дунё мамлакатлари бўйича таълим ҳолати тўғрисидаги қиёсий ахборотида маълум қилинишича, Ўзбекистон таълим соҳасидаги инновациялар кўрсаткичи борасида 75,4 балл билан дунёда иккинчи ўринни эгаллаган. Зикр этилган тадқиқотда Ўзбекистоннинг бу борада эришган ютуқларининг асосий мезони ва омиллари ҳақида атрофлича фикр юритилади. Айниқса, тадқиқотлар учун инвестициялар, таълим ривожига қаратилган давлат харажатларининг даражаси ва умуман, таълим тизимининг ҳолати Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва инновацион салоҳиятининг энг кучли томонларидан бири экани алоҳида таъкидланади.
Республикамизда мустақиллик йилларида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни баркамол қилиб тарбиялашда Президентимиз томонидан киритилган таклиф асосида қабул қилинган йиллик давлат дастурлари алоҳида диққатга сазовор. Хусусан, 2008 йилнинг “Ёшлар йили”, 2010 йилнинг “Баркамол авлод йили”, 2014 йилнинг эса “Соғлом бола йили” деб номланиши муносабати билан қабул қилинган давлат дастурлари туфайли ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, маънан бой ва жисмонан соғлом фарзандларни тарбиялаш учун уй-жой ва маиший шароитларни яратиш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ўқув ва лаборатория анжомлари билан жиҳозлаш каби қатор вазифалар амалга оширилмоқда.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш, етук ва салоҳиятли қилиб тарбиялаш давлатимиз юритаётган оқилона сиёсатнинг устувор йўналиши бўлиб қолади. Бундай катта имкониятлардан унумли фойдаланиб, мустақил ҳаётга дадил қадамлар билан кириб келаётган йигит-қизлар давлатимиз учун мустаҳкам таянч бўлиб улғаймоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда рўй бераётган эзгу ислоҳотлар инсон омилига қаратилганининг яна бир ёрқин ифодасидир.

Дониёр ЖУНАЙДУЛЛАЕВ,
Нилуфар САФАРОВА,
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий
тадқиқотлар институти илмий ходимлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn