Тарғибот ва самарадорлик
  • 29 Ноябрь 2014

Тарғибот ва самарадорлик

Бугунги кунда халқаро жамоатчиликда жиддий ташвиш уйғотаётган хасталиклардан бири, бу — орттирилган иммунитет танқислиги синдромидир. Зеро, мазкур хасталикдан миллионлаб одамлар азият чекмоқда. Қолаверса, ОИТСнинг юқиш хавфи юқорилиги ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашимизни тақозо этади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва баркамол авлодни тарбиялаш масалаларига устувор вазифа сифатида эътибор қаратиб келинмоқда.
Чунончи, ушбу касалликка қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2013 йилнинг сентябрь ойида “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
ОИВ инфекцияси профилактикаси, ташхиси ва даволаш бўйича тадбирларни амалга ошириш, беморларни парваришлаш ва ижтимоий ҳимоясини ташкил этиш орқали республикада ОИВ инфекцияси бўйича вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2013 — 2017 йилларга мўлжалланган Стратегик дастур амалга оширилмоқда. Ушбу дастур аҳоли, айниқса, ёшлар орасида эпидемик вазиятни муқобиллаштириш, унинг ижтимоий зарарларини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура, Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси ҳамда халқаро ташкилотлар иштирокида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи асослари, зарарли одатларнинг оқибатлари, ўзбек халқининг миллий қадриятлари, ОИВ инфекцияси ва унинг профилактикаси бўйича хабардорлигини ошириш юзасидан оммавий тадбирлар ўтказилиши йўлга қўйилди.
Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, дейдилар. Бугунги кунда ОИВ инфекциясини қисқа муддатларда сифатли аниқлаш мақсадида даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланаяпти, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланмоқда. Жумладан, Бухоро, Фарғона, Сирдарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳри ОИТСга қарши кураш марказлари учун янги бинолар қурилди, қолган барча ОИТСга қарши кураш марказларининг бинолари капитал таъмирланди. Бу тадбирлар учун давлат бюджетидан 13 млрд. сўм сарфланди.
14 та ҳудудий ОИТСга қарши кураш маркази лабораторияларига умумий қиймати 7,5 млн. АҚШ долларига тенг бўлган юқори технологияли ПЗР жиҳозлари, цитофлюориметрлар ва бошқа (21 номдаги) лаборатория жиҳозлари келтирилди. Бу эса аҳоли ўртасида ОИВ билан касалланганларни эрта аниқлаш ва уларни диспансер назоратига олиш, ўз вақтида махсус даво — антретровирус препаратларини тайинлаш ва даволашнинг самарадорлигини назорат қилиб бориш имкониятини яратди.
Беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилишини яхшилаш борасида Республика ОИТСга қарши кураш маркази қошида 60 ўринга мўлжалланган клиника ишга туширилди. Бу бинони реконструкция қилиш учун Глобал жамғарма ҳисобидан 1,2 млн. АҚШ доллари сарфланди. Айни пайтда бу ерда ОИВ инфекциясининг оғир асоратлари бўлган беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун клиникага Жаҳон банки лойиҳалари ҳисобидан қиймати 300 минг АҚШ долларига тенг замонавий тиббий ускуналар ўрнатилди. Клиникада йилига 1,5 мингдан ортиқ беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, муассасамиз қошида ўқув маркази ташкил этилган. Унда йилига 2 мингдан ортиқ турли соҳадаги тиббиёт ходимлари ОИВ инфекцияси диагностикаси, профилактикаси ва даволаш бўйича сабоқ олишмоқда.
Амалга оширилаётган самарали тадбирлардан яна бири, бу — тиббиёт мутахассисларини ОИВ инфекцияси бўйича қайта тайёрлашдир. Шу мақсадда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва Республика ОИТСга қарши кураш маркази базасида мутахассислар малакасини ошириш курси ташкил этилди. Бу курсда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда ҳар йили 300-350 нафар тиббиёт мутахассиси замонавий диагностика, профилактика ва даволаш усуллари бўйича малака оширмоқда.
Мухтасар айтганда, ОИТСга қарши кураш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлардан кўзланган пировард мақсад, халқимиз саломатлиги ҳамда жамиятимиз равнақидир. Жаҳонда ҳали-ҳануз давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз, айрим мамлакатлардаги таназзул, турли можаролар авж олаётган бир пайтда юртимизда инсон ва унинг манфаатлари ҳамиша устувор эканлиги саломатликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларда ҳам яққол ифодасини топмоқда.

Нурмат АТАБЕКОВ,
Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Мунаввар тонг қадри Баркамол авлод »