Ёш авлод тарбияси ва масъулият
  • 28 Ноябрь 2014

Ёш авлод тарбияси ва масъулият

Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш республика ўқув-методика марказида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Халқ таълими вазирлиги ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда мактабгача таълим муассасаларини янада ривожлантириш, соҳадаги ютуқ ва долзарб масалаларга бағишланган анжуман ўтказилди.

Эътироф этилганидек, мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом, юқори интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб вояга етказиш, уларга пухта билим бериш, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топтиришга зарур ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилган. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори замонавий фикрлайдиган, қатъий фуқаролик позициясига эга бўлган ёш авлодни тарбиялашда дастуриламал бўлмоқда.
Бугунги кунда юртимиздаги мавжуд 4950 мактабгача таълим муассасаси ўз фаолиятини самарали амалга оширмоқда. 581 мингдан зиёд кичкинтойларни қамраб олган мазкур даргоҳларда “Болажон” мактабгача таълим таянч дастури амалиётга изчил татбиқ этилаяпти. Унда жажжи болакайларнинг ижтимоий-эмоционал ривожланишига оид билимлар ўрин олган бўлиб, бу, ўз навбатида, уларнинг атрофимиздаги олам ҳақидаги илк тасаввурларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Анжуманда “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш,  уларни юқори малакали ва тажрибали педагоглар билан таъминлаш, болалар, айниқса, қиз болалар ўртасида жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Чунончи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан мактабгача таълим муассасаларида “Зумрадойлар давраси” тўгараклари иши йўлга қўйилган бўлиб, унда 3-6 ёшли қиз болалар меҳнатсеварлик, ростгўйлик, камтарлик, умуман, одоб-ахлоқ меъёрлари ҳақида дастлабки сабоқларни олишмоқда.   
Тадбир иштирокчилари МТМ, айниқса, қишлоқ жойлардаги мактабгача таълим даргоҳларининг моддий-техника базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш, болаларни ушбу муассасаларга кенг қамраб олишни ташкил этиш, боғчага бормайдиган болалар учун қўшимча гуруҳлар ташкил этиш, бу борада тизимли асосда тушунтириш ишларини олиб бориш, мактабгача таълим мазмунини такомиллаштиришнинг сифат даражасини кўтаришда илмий асосланган изланишларни ва илғор тажрибаларни тўплаш, мутахассисларнинг ижодий салоҳиятини ошириш бўйича кўрилаётган комплекс чора-тадбирларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтишди. Қайд этилганидек, ушбу масала Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарорида ҳам алоҳида белгиланган бўлиб, унинг ижросини таъминлаш айни заруратдир.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn