Изчил фаолият ва халқаро стандартлар
  • 28 Ноябрь 2014

Изчил фаолият ва халқаро стандартлар

Тошкент шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.

Гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ва ОИВ инфекцияси нуқтаи назаридан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг мамлакатимизда қўлланилишига бағишланган мазкур тадбирда парламент аъзолари, қатор вазирлик ва идоралар, таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидландики, инсон ҳаёти ва саломатлигини хавф остида қолдираётган глобал муаммолар — гиёҳвандлик ва ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш борасида мамлакатимизда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, Президентимизнинг 2008 йил 26 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича стратегия пойтахтимиз ва жойларда фаолият юритаётган ОИТСга қарши кураш марказлари орқали амалга оширилмоқда. Республикада мазкур инфекция диагностикаси бўйича 84 та лаборатория ташкил этилган бўлиб, тармоққа янги ташхис ва даволаш услублари татбиқ қилинаётгани, қон хизмати хавфсизлигини таъминлашга, ушбу дард билан хасталанган беморларга ўз вақтида ретровирусга қарши терапия ёрдамини кўрсатиш ишларига устувор аҳамият қаратилаётгани аҳоли саломатлиги муҳофазасида муҳим ўрин тутмоқда.
Тадбирда, шунингдек, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни, гиёҳвандлик ва ОИВ/ОИТСга қарши курашиш самарадорлигини оширишда ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn