Аждодлар меросига эҳтиром
  • 27 Ноябрь 2014

Аждодлар меросига эҳтиром

“Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар.
Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир”.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддаси).

Маданий мерос жамият асосини, халқимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маънавий қадриятлари ва анъаналарини мустаҳкамлайдиган омил ҳисобланади. Тарихий ва маданий ёдгорликлар ҳар бир одамга таъсирини кўрсатиб, ўзига мафтун қилади ва ғурурлантиради. Шу боис уларни сақлаш, энг аввало, фақатгина давлатнинг эмас, балки ҳар бир кишининг бурчи, мақсадига айланиши керак, деб ўйлаймиз.
Ҳозирги кунда давлат муҳофазасига олинган 7570 та маданий мерос объекти бўлиб, шундан 2330 таси меъморчилик, 3945 таси археологик, 1138 таси монументал ёдгорликлар ва 157 таси диққатга сазовор жойлардир. Муқаддас қадамжолар ҳамда зиёратгоҳлар, эътиборга тушган жойларни тиклаш ва таъмирлаш ишлари бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилмоқда. Жумладан, охирги пайтларда фақатгина Тошкент вилоятидаги Шамир Қори авлиё, Заркент Ота, Шодмалик Ота, Зуннун Ота ёдгорликларида ана шундай эзгу ишлар ниҳоясига етказилмоқда. Бўстонлиқ тумани Боғистон қишлоғидаги, Хўжа Аҳрор фахрли номи билан кўпроқ машҳур бўлган, XV асрда яшаган Шайх Умар Вали Боғистонийнинг боғи ва қабрини таъмирлаш-тиклаш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳар бир вилоятдаги тарихий ёдгорликлар ва муқаддас қадамжолар бўйича туркум китоблар нашрга тайёрланаяпти.
Биласиз, ЮНЕСКОнинг бутун жаҳон маданий ва табиат ёдгорликлари мероси рўйхатига Хивадаги очиқ осмон остидаги музей — Ичан қалъа, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий-маданий, диққатга сазовор қисмлари киритилган.
Мустақил Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсати йўналишларидан бири, бу — ўтмиш қаъридан етиб келган бой тарихий-маданий меросимизни сақлаш. Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”, “Музейлар тўғрисида”, “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар асосида инсоният цивилизацияси ривожланишида муҳим ўрин эгаллаган қадимги ва ўрта асрларда мавжуд бўлган шаҳарлар харобалари, монументал санъат ёдгорликлари, алоҳида аҳоли зиёратгоҳ жойлари, меъморчилик мероси ёдгорликларини сақлаб қолиш, таъмирлаш ва ўрганишда давлатимиз томонидан кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Буюк аждодларимиз томонидан маҳорат билан бунёд қилинган ва бугунги кунгача сақланиб келинаётган, уларнинг номини асрлар оша абадийлаштирган меъморчилик тарихий мажмуалари — Самарқанддаги Шоҳи Зинда, Регистон, Бибихоним, Руҳобод, Амир Темур мақбараси, Бухородаги Калон масжиди ва минораси, Мир Араб мадрасаси, Лаби Ҳовуз ва Боло Ҳовуз мажмуалари ҳамда бошқа ўнлаб, юзлаб қадимги, ўрта асрлардаги меъморчилик дурдоналари халқимизнинг юксак ижодкорлик имкониятларидан дарак беради.
Ўтмишдаги буюк аждодларимиз шон-шарафи учун Амир Темурга Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабзда, Мирзо Улуғбекка Тошкентда, Аҳмад ал-Фарғонийга Фарғона ва Қувада, Алишер Навоийга Тошкент, Навоийда, Алпомишга Термизда, Жалолиддин Мангуберди ҳамда “Авесто” китобига Урганчда ва миллий тарихий ҳамда маданий меросимизга катта ҳисса қўшган кўплаб тарихий шахсларга ёдгорликлар ўрнатилди.
Буларнинг барчаси бизни ҳамиша ғурурланиб яшашга ундайди.  Демак, тарихий, маънавий ва маданий меросни сақлаш мамлакатимизда яшаётган ҳар бир кишининг бурчидир.

Равшан МАНСУРОВ,
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Интеллектуал тизим Ноёб гуллар хиёбони »